Мексикада енотлар чиқиндидан тўп ясаб, футбол ўйнашни ўрганиб олди (видео)

Мексикада енотлар чиқиндидан тўп ясаб, футбол ўйнашни ўрганиб олди (видео)
Мексиканинг Косумел оролидаги митти енотлар қоғоз ва қумдан мустақил равишда тўп ясашни ўрганиб, кейин бу кўникмани бошқа енотларга ҳам ўргата бошлашди. Бу ҳолатни биринчи бўлиб Огаёдаги Маями университети тадқиқотчиси Несси Нил пайқагани айтилади.
Нил туризмнинг енотларга таъсирини ўрганади. Кунларнинг бирида у ёш енотнинг чиқинди қутисидан қоғоз олиб, уни сувли идишга ботирганини, сўнгра қум устида айлантириб, шар шаклига келтирганини видеога олди. Кейинги бир неча кун давомида Нил енотлар шу каби тўпларни ясашда давом этаётганини ва улар билан футбол ўйинларига ўхшаш мусобақалар ташкил қилаётганини кузатди. Ўйинларга бошқа енотлар ҳам қўшилди.
Тадқиқотчи кейинги кунларда митти енотлар ўйинчоқ ясашни бир-биридан ўрганаётганини ҳам пайқади. Улар ҳатто буни оналарига ҳам ўргатишга уринишди, бироқ она енот уларнинг ҳаракатларини такрорлай олмади.
Маями университетининг яна бир тадқиқотчиси Мишел Шидловски олимлар кўпинча шимпанзе, йўлбарс ва бошқа ҳайвонларнинг ўйинларини кузатишларини таъкидлади. Бироқ ҳайвонларнинг мақсадли равишда ўйинчоқ ясаши ҳолатлари анча кам учрайди. Эндиликда тадқиқотчилар енотлар ушбу кўникмани кейинги авлодларга ҳам ўтказадими-йўқми, шуни аниқлашни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, кичик енотлар фақат Косумел оролида яшайди ва йўқолиб кетиш арафасида турибди. Табиатда уларнинг 200 дан камроқ тури қолган.

