МсКинсей компаниясининг 2026 йилги технологик тенденсиялар шарҳи
МсКинсей компаниясининг «Технологик тенденсиялар – 2026» ҳисоботида жаҳон иқтисодиёти ва бизнес ривожланишига таъсир кўрсатаётган 14 та технологик йўналиш таҳлил қилинган.

МсКинсей компаниясининг 2026 йилги технологик тенденсиялар шарҳи
«Технологик тенденсиялар – 2026» шарҳида бизнес, иқтисодиёт ва жамият тараққиётига таъсир кўрсатаётган 14 та йўналиш алоҳида кўрсатиб ўтилган. Технологик трансформация энергетика, робототехника, саноат, транспорт, космик технологиялар ва биомуҳандислик соҳаларини қамраб олмоқда.
Сунъий интеллект технологик трансформациянинг марказига айланмоқда
Сунъий интеллект (СИ) ривожи тўртта асосий йўналишни ўз ичига олади.
Агентли сунъий интеллект (9,9 млрд доллар инвестиция) кўп босқичли вазифаларни мустақил равишда режалаштириш ва бажариш, корпоратив тизимлар билан ишлаш ҳамда ўзгаришларга мослашиш имконини беради.
Дастурий таъминотни агентли ишлаб чиқиш (4,9 млрд доллар) дастур кодини ёзиш, синовдан ўтказиш ва хатоларни бартараф этишда сунъий интеллектдан фойдаланишни назарда тутади.
Илмий тадқиқотлар ва муҳандисликда сунъий интеллект (7,9 млрд доллар) илмий гипотезаларни илгари суриш, моделлаштириш ва тажрибалар ўтказиш жараёнларини тезлаштиради.
Мазкур йўналишларнинг технологик пойдеворини сунъий интеллект инфратузилмаси ва моделлар архитектураси (145 млрд доллар) ташкил этади. Улар маълумотларни қайта ишлаш марказлари, булутли платформалар ва фундаментал моделларни қамраб олади.
Маълумот учун: 2025 йилда ушбу тўртта йўналишга йўналтирилган инвестициялар 167,7 млрд долларни ташкил этди. 2024 йилга нисбатан агентли сунъий интеллект соҳасида бўш иш ўринлари сони 952 фоизга, дастурий таъминотни агентли ишлаб чиқишда 221 фоизга, илмий тадқиқотлар ва муҳандисликда 18 фоизга, сунъий интеллект инфратузилмаси соҳасида эса 47 фоизга ошди.
Ҳисоблаш қувватлари, чиплар ва киберхавфсизлик
Сунъий интеллектнинг ривожланиши ҳисоблаш жараёнларини тезлаштириш ва энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган ихтисослаштирилган яримўтказгичларга (41,6 млрд доллар инвестиция) бўлган талабни кучайтирмоқда. Сунъий интеллект вазифаларини бажариш учун чиплар ва дастурий таъминотни биргаликда ишлаб чиқиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Илғор алоқа технологиялари (60,5 млрд доллар) маълумотлар узатилишини таъминлайди. 5Г ва 6Г тармоқлари, сунъий йўлдош алоқаси, буюмлар интернети ҳамда сунъий интеллект асосида бошқариладиган тармоқлар ривожланмоқда.
Шу билан бирга, киберхавфсизлик ва рақамли тизимлар ишончлилиги (77,5 млрд доллар) аҳамияти ортиб бормоқда. Сунъий интеллект кибертаҳдидларни аниқлашда ҳам, киберҳужумларни амалга оширишда ҳам қўлланилмоқда. Шу сабабли замонавий идентификация тизимлари, «нол ишонч» архитектураси ва квант ҳисоблашларига бардошли криптографияга эҳтиёж кучаймоқда.
Маълумот учун: 2025 йилда мазкур йўналишларга киритилган жами инвестициялар 179,6 млрд долларни ташкил этди. Ихтисослаштирилган яримўтказгичлар соҳасида бўш иш ўринлари сони 22 фоизга, илғор алоқа технологияларида 10 фоизга, киберхавфсизлик соҳасида эса 6 фоизга ошди.
Энергия таъминоти сунъий интеллект ривожланишининг стратегик шартига айланмоқда
Сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказларининг ривожланиши электр энергиясига бўлган талабни оширмоқда. Бунда ҳисоблаш қувватларининг кенгайиши электр тармоқлари ва энергетика инфратузилмаси ривожидан олдинга чиқиб кетмоқда. Барқарор ва ишончли энергия таъминоти технологиялар секторининг рақобатбардошлигини белгиловчи омиллардан бирига айланмоқда.
Келажак энергетикаси ва барқарор ривожланиш технологиялари (194,2 млрд доллар инвестиция) энергияни сақлаш тизимлари, электр тармоқларини модернизация қилиш, атом энергетикаси, водород технологиялари ва бошқа паст углеродли ечимларни қамраб олади.
Маълумот учун: 2025 йилда келажак энергетикаси ва барқарор ривожланиш технологиялари соҳасида бўш иш ўринлари сони 2024 йилга нисбатан 19 фоизга камайди.
Робототехника ва жисмоний сунъий интеллект
Сунъий интеллект, сенсорлар ва бошқарув тизимларининг ривожланиши жисмоний сунъий интеллект технологияларига ўтишни тезлаштирмоқда. Ушбу технологиялар роботларга маконда мустақил ҳаракатланиш, қарор қабул қилиш ва инсонлар билан ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Робототехника (19,5 млрд доллар инвестиция) бундай ечимларнинг саноат, логистика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўлланишини кенгайтирмоқда.
Саноатда меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва қўл меҳнати улушини камайтириш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Маълумот учун: 2025 йилда робототехника соҳасида бўш иш ўринлари сони 2024 йилга нисбатан 12 фоизга ошди.
Мобиллик, космик ва квант технологиялари
Келажак мобиллик технологиялари (63,5 млрд доллар инвестиция) электромобиллар, автоном транспорт воситалари, учувчисиз учиш аппаратлари, интеллектуал бошқарув тизимлари ва қувватлаш инфратузилмасини ўз ичига олади. Ушбу технологиялар транспорт хизматлари самарадорлигини ошириш ва ташиш жараёнларини автоматлаштиришга хизмат қилади.
Космик иқтисодиёт (15,7 млрд доллар) сунъий йўлдош алоқаси, Ерни масофадан кузатиш ва космик хизматларни ривожлантиришни қамраб олади. Бу маълумотлар узатиш ва мониторинг имкониятларини кенгайтиради.
Квант технологиялари (13,3 млрд доллар) мураккаб ҳисоблашлар, моделлаштириш, ҳимояланган алоқа ва юқори аниқликдаги ўлчашлар учун янги имкониятлар очмоқда.
Маълумот учун: 2025 йилда ушбу учта йўналишга киритилган жами инвестициялар 92,5 млрд долларни ташкил этди. 2024 йилга нисбатан келажак мобиллик технологиялари соҳасида бўш иш ўринлари сони 11 фоизга, квант технологиялари соҳасида эса 46 фоизга камайди.
Биотехнологиялар ва муҳандислик ечимлари
Биология фанлари ва биомуҳандислик (101 млрд доллар инвестиция) янги дори воситалари, ген ва ҳужайра терапияси, диагностика тизимлари ҳамда инновацион материалларни яратиш учун сунъий интеллект, биология, кимё ва муҳандислик фанлари ютуқларини бирлаштиради.
Ушбу технологияларнинг тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноатда қўлланиши кенгайиб бормоқда.
2025 йилда биология фанлари ва биомуҳандислик соҳасида бўш иш ўринлари сони 2024 йилга нисбатан 10 фоизга қисқарди.

