Сунъий интеллектга пул оқмоқда, бошқа соҳалар-чи? Нобел лауреати хавф ҳақида огоҳлантирди
Сунъий интеллект учун дата-марказлар қурилишига йўналтирилаётган улкан маблағлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига сармоя киритишни чеклаётган бўлиши мумкин. Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби Пол Кругман АҚШдаги инвестициялар оқимини таҳлил қилиб, шундай фикр билдирди.

Сунъий интеллектга пул оқмоқда, бошқа соҳалар-чи? Нобел лауреати хавф ҳақида огоҳлантирди
Нейротармоқларни ривожлантириш учун катта ҳисоблаш қувватлари, серверлар, дастурий таъминот ва электр энергияси зарур. Шу эҳтиёж дата-марказлар қурилишини жадаллаштириб, технологик компаниялар ва уларга хизмат кўрсатувчи тармоқлар учун йирик буюртмаларни юзага чиқармоқда.
Бироқ Кругман бу жараённинг бошқа жиҳатига эътибор қаратган: тез суръатларда ўсаётган бир соҳа маблағ ва ресурсларни ўзига тортар экан, қолган тармоқларнинг инвестиция имкониятлари торайиши мумкин.
Қурилишга сармоялар қандай ўзгарган?
Мақолада келтирилган рақамларга кўра, 2024-йил январидан 2025-йил июлигача АҚШда сунъий интеллект билан боғлиқ бўлмаган йўналишларда хусусий қурилиш харажатлари 120 миллиард долларга, яъни тахминан 5 фоизга камайган. Шу даврда нейротармоқлар инфратузилмаси билан боғлиқ қурилиш кўрсаткичи 51 миллиард долларга ошган.
Бу рақамлар иқтисодиётдаги барча хусусий инвестицияларни қамраб олмайди. Гап қурилишга сарфланаётган маблағлар ҳақида кетмоқда. Ускуналар ва дастурий таъминотга қилинадиган харажатлар эса алоҳида ҳисобланади.
Шунингдек, икки кўрсаткичнинг қарама-қарши йўналишда ўзгариши камайган маблағларнинг барчаси айнан сунъий интеллект соҳасига ўтганини англатмайди.
Бир соҳа бошқаларни қандай сиқиб чиқариши мумкин?
Иқтисодиётда бу ҳолат «инвестицияларни сиқиб чиқариш» деб аталади. Молиялаштириш ва бошқа ресурслар учун рақобат кучайганда, айрим лойиҳаларни амалга ошириш қимматроқ тушади ёки улар кечиктирилади.
Кругманнинг талқинига кўра, сунъий интеллектга йирик сармоялар кредитларга талабни оширади. Қарз олишнинг қимматлашуви эса уй-жой, офис ва завод қурилиши каби йўналишларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Технологик компаниялар қимматроқ молиялаштириш шароитида ҳам харажатларини давом эттира олади. Бошқа соҳаларда эса фоиз ставкаларининг ошиши янги лойиҳаларни иқтисодий жиҳатдан камроқ жозибадор қилади.
Харажатлар фақат дата-марказ биносидан иборат эмас
Кругман дата-марказлар қурилиши сунъий интеллектка йўналтирилаётган маблағларнинг бир қисми эканини таъкидлайди. Катта харажатлар ҳисоблаш ускуналари ва дастурий таъминотга тўғри келади.

