Технология

Марказий Осиё компаниялари сунъий интеллектни бошқалардан икки баравар тезроқ жорий қилмоқда

Марказий Осиё компаниялари сунъий интеллектни (СИ) жорий этишда дунё ўртача кўрсаткичидан икки баравар тезроқ ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Эуроневс КПМҒнинг 2026-йилги технологиялар ҳисоботига таяниб хабар берди.

Тадқиқот натижаларига кўра, минтақадаги компанияларнинг 53 фоизи СИъни ишлаб чиқариш даражасида жорий этиб, ундан ўлчанадиган натижалар олмоқда. Дунё бўйича бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этади.

КПМГ ҳисоботини тайёрлаш учун 27 давлатдаги 2,5 мингдан ортиқ технология раҳбари сўровдан ўтказилган. Улардан 32 нафари Марказий Осиё, 40 нафари Кавказ компаниялари вакиллари бўлган.

Шу билан бирга, КПМГ минтақадаги айрим респондентлар “сунъий интеллектни ишлаб чиқаришга жорий қилиш” тушунчасига матнли ёки овозли ботлар каби алоҳида ечимларни ҳам киритган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.

**Нега минтақада СИ тезроқ жорий қилинмоқда?**

Ҳисоботга кўра, Марказий Осиё ва Кавказдаги компанияларнинг 44 фоизи янги технологияларни кутиб ўтирмасдан, уларни фаол синовдан ўтказишни маъқул кўради. Дунёда бу кўрсаткич 21 фоизни ташкил этади.

Яна 43 фоиз компания янги технологияларни “тез, аммо танлаб” жорий этиш йўлидан бормоқда. Жаҳонда бундай ёндашувни танлаган компаниялар улуши 36 фоизга етган.

КПМГ минтақанинг нисбатан юқори рақамлаштирилганини ҳам асосий омиллардан бири сифатида кўрсатган. Кўплаб компанияларда маълумотлар базаси ва ташқи тизимларни улаш учун зарур инфратузилма аввалдан мавжуд бўлгани СИ ечимларини тезроқ жорий қилиш имконини бермоқда.

Масалан, Қозоғистоннинг Казакҳтелесом компанияси сунъий интеллектдан мижозларга хизмат кўрсатиш, харидлар, кадрлар, молия, ҳужжатлар ва ходимларни ёллашда фойдаланмоқда. Компания ходимлари дастурлашни билмасдан ҳам ўз вазифасига мос СИ-агент яратиши мумкин.

Эурасиан Ресоурсес Гроуп таркибидаги БЦ компанияси эса конлардаги ускуналарни компютер кўриши орқали назорат қилиш ва геологик ҳисоботларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланмоқда.

**Ўзбекистонда вазият қандай?**

КПМГ ҳисоботида Ўзбекистон алоҳида ажралиб турган йўналишлардан бири — “рақамли эгизаклар” (дигитал твин) ва илғор симуляция технологиялари ҳисобланади.

Сўровда қатнашган Ўзбекистондаги компанияларнинг 100 фоизи бу йўналишга ажратиладиган маблағни оширишни режалаштирган. Марказий Осиё ва Кавказ бўйича кўрсаткич 87 фоиз, дунёда эса 72 фоизни ташкил қилади.

Компания буни минтақа иқтисодиётида энергетика, тоғ-кон саноати, ишлаб чиқариш, логистика ва бошқа йирик инфратузилма обьектларининг катта улушга эгалиги билан изоҳлаган. Бундай соҳаларда “рақамли эгизаклар” ускуналарнинг носозлигини олдиндан аниқлаш, иш режимини оптималлаштириш ва тўхтаб қолишларни камайтиришда қўл келади.

Ўзбекистонда СИ экотизимини кенгайтириш ҳам давлат даражасидаги устувор йўналишлардан бирига айланган. Август ойида мамлакат сунъий интеллектга тайёрлик халқаро рейтингида 25 поғона кўтарилиб, 62-ўринга чиққани маълум қилинганди. 2030-йилгача Ўзбекистонни топ-50 таликка киритиш, АИ асосидаги дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш ҳамда 200 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

**Тезлик бор, лекин стратегия етишмайди**

Тадқиқотда минтақадаги тез ўсиш фонида муаммоли жиҳат ҳам қайд этилган.

Марказий Осиё ва Кавказ компанияларининг атиги 34 фоизида бутун ташкилотни қамраб олувчи аниқ СИ стратегияси мавжуд. Жаҳон бўйича бу кўрсаткич 76 фоизга тенг.

Сунъий интеллектдан фойдаланишни турли бўлимлар кесимида назорат қилувчи бошқарув тизими эса минтақадаги компанияларнинг 25 фоизидагина мавжуд. Дунёда бундай тизимга эга компаниялар улуши 69 фоизни ташкил қилади.

Экспертларга кўра, минтақа учун кейинги вазифа сунъий интеллект бўйича кўплаб тажрибаларни бошлаш эмас, балки яхши натижа берган лойиҳаларни бутун компания миқёсида ишлайдиган тизимга айлантириш бўлади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.