МБ банкларнинг шартномаларидан омонатларни қайтармаслик тўғрисидаги шартларни олиб ташлашни талаб қилди

Марказий банк тижорат банкларидан омонат шартномаларидан мижозларнинг ўз маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқини чекловчи қоидаларни чиқариб ташлашни талаб қилди.
Текширув давомида қатор банкларнинг шартномаларида банк омонатни муддатидан олдин қайтариш бўйича жавобгарликдан озод этиладиган ҳолатлар кўрсатилгани аниқланди. Хусусан, бундай чекловлар оммавий тартибсизликлар, митинглар, кўча намойишлари, қуролли ҳужумлар ва банкнинг тўловга қобилиятсизлиги даврида амал қилган.
Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик банк зиммасига омонатчининг талабига биноан, депозит туридан қатъи назар, омонат суммасини ёки унинг бир қисмини қайтариш мажбуриятини юклайди. Шу боис, шартномаларнинг ушбу ҳуқуқни чекловчи шартлари юридик кучга эга эмас.
Шу муносабат билан Марказий банк тижорат банкларидан амалдаги барча омонат шартномаларини текшириб чиқишни ва улардан қонунчиликка зид бўлган қоидаларни зудлик билан чиқариб ташлашни талаб қилди.

