МБ банк омонатларига солиқ жорий этилиши бўйича таклифга муносабат билдирди

Марказий банк омонатларга солиқ жорий этиш бўйича таклифга изоҳ берди.
Марказий банк ижтимоий тармоқларда банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига солиқ жорий этилиши ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.
Регуляторнинг маълум қилишича, муҳокамаларга сабаб бўлган ташаббус Фискал таҳлиллар институти томонидан ўтказилган илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида илгари сурилган. Марказий банк қайд этишича, илмий-тадқиқот муассасалари халқаро тажриба ва иқтисодий жараёнларни ўрганиш асосида турли таклифларни ишлаб чиқиши табиий ҳисобланади.
Шунингдек, Марказий банк ушбу фикр илмий тадқиқот натижалари тақдимоти давомида билдирилганини, у расмий таклиф сифатида киритилмаганини таъкидлади.
Регуляторга кўра, бундай ташаббуслар кўриб чиқилганда уларнинг молиявий ресурслар қиймати, банкларнинг ресурс базаси ҳамда молиявий барқарорликка таъсири комплекс баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, 30-июл куни Фискал таҳлиллар институти солиқ сиёсатига бағишланган мулоқотда Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини 5 фоизлик дивиденд солиғи ставкасида солиққа тортиш таклифини илгари сурганди. Институт вакиллари бунга сабаб сифатида мамлакатда пассив даромадларнинг деярли барчаси солиққа тортилиши, бироқ банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадлари бундан мустасно эканини келтирган.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, 2026-йил 1-май ҳолатида жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари ҳажми 170 трлн сўмни ташкил этган. Ўртача 16 фоизлик фоиз ставкаси ва 5 фоизлик солиқ қўлланилганда давлат буджетига йилига 1,4 трлн сўм атрофида қўшимча даромад тушиши мумкинлиги айтилган эди. Ўшанда ҳам бу институтнинг илмий таклифи бўлиб, уни қабул қилиш ёки рад этиш ваколатли давлат органлари қарорига боғлиқлиги таъкидланган.

