Лайфстайл

Машҳур қўшиғи сабабли отасини ранжитган, турмуш ўртоғининг хиёнатини кечирган, миллиардер Алишер Усмоновнинг севимли хонандаси Дилдора Ниёзова 48 ёшда

Машҳур қўшиқлари туфайли отасини ранжитган, турмуш ўртоғининг хиёнатини кечирган, миллиардер Алишер Усмоновнинг севимли хонандаси Дилдора Ниёзова 48 ёшда

“Ишонма” ва “Олма” қўшиқлари билан оммага танилган, 2012-йилда “Энг яхши хонанда” деб эътироф этилган Дилдора Ниёзова 14-сентябр куни 48 ёшга тўлди. Сўнгги йилларда оилавий можаролари сабаб кўпроқ эътиборда бўлган хонанданинг ижоди бироз сокинлашган бўлса-да, у вилоятлар бўйлаб тез-тез консертлар бериб туради. Туғилган куни муносабати билан унинг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлаймиз.

“Мактабданоқ қўшиқ ёзардим”

Дилдора Ниёзова Юлдуз Усмонованинг ашаддий мухлиси бўлган, болалигидан унинг қўшиқларини хиргойи қилиб юрган.

Энг биринчи қўшиғим “Яшаш” деб номланган бўлиб, уни синфдошларим жуда яхши кутиб олишган. Кейин мусиқа мактабини аъло баҳоларга битирдим. Лекин кутилмаганда Жаҳон тиллари институтининг инглиз фалсафаси факултетига ўқишга кирдим.

“Отам ъҚизим отарчи бўладимиъ деган”

— Санъаткор бўлишим аввало қисмат. Аммо отам санъаткор бўлишимга жиддий қаршилик қилган. У инсон ўз даврида “Метрополитен” ва “Метроқурилиш”да юқори лавозимларда фаолият юритган. Ўзига яраша обрўси бўлгани ва учта ўғилдан кейин туғилган битта қиз бўлганим учун хонанда бўлишимга норози бўлган. “Қизим санъаткор бўлса, бахциз бўлади”, деб ўйларди.

Бир куни Алишер Икромовни олдига олиб бориб: “Қизимда ҳақиқатан иқтидор борми, бир умр отарчи бўлиб юрмайди-ку”, деган. Алишер ака овозимни эшитиб кўргач, дадамга “Қизингизда чиройли овоз бор экан. Ҳали анча йил халққа хизмат қилади”, — деган. Ана шу гапдан кейин отамнинг санъатимга бўлган муносабати ўзгарган. У пайтларда байрам кунлари кўчаларда сайллар ўтказиларди. Ўша сайлларда қўшиқларимни эшитиб тўпланаётган халқни кўриб, ишончлари ортган. Ана шу воқеадан кейин “Тарона рекордс” студиясида бир нечта қўшиқларимни ёздириб, илк аудиокассетамни сотувга чиқаришган. Кассета сотувчи эркак рус миллатига мансуб бўлган. Отам унинг олдига бориб кассеталарим қандай сотилаётганига қизиққан. Ўша пайтда Юлдуз Усмонова ва Озода Нурсаидованинг қўшиқлари трендда эди. Рус сотувчи кассетамни кўрсатиб, “Ўзи бу ким, ҳамма шунинг кассетасини сўраяпти”, деган. Уйимизга тўй хизматларига айтиб, кўп келишарди. Аммо отам тўйларга чиқишимга қарши бўлган. “Қизим тўй учун қўшиқ айтмайди”, деб рад жавобини берарди. Онам “Қизим ёлғиз консертларга бормайди”, деб ҳамиша ёнимда юрарди. Аммо бугунги даражага эришишим осон бўлмаган. Отам яхши жойда ишлаганлари билан бирор консертга қатнашгим келса, бориб илтимос қиларди. Чунки ҳозиргидек шарт-шароитлар осон эмасди. Ҳатто саҳнадан ҳайдаб юборган ёки пора бериб консертга чиққан кунларимиз ҳам бўлган, дейди Дилдора Ниёзова.

“Қиз бола бўла туриб бу қўшиқни айтгани уялмайсанми?”

Дилдора Ниёзова “Ишонма” қўшиғини ижро этгани учун отаси ундан қаттиқ ранжигани ҳақида сўзлаб берди.

— Бу қўшиқни хоразмлик Отажон исмли йигит ижро этган экан. Афсуски, у инсон оламдан ўтиб кетибди. Энди санъатга кириб келган пайтларимда продюсерим Тоҳир ака қўшиқни олиб келиб, ижро этишимни сўраган. Қўшиқнинг матнини ўқиб кўриб “Бу қўшиқни айтмайман, шарманда-ку”, деганман. Тоҳир ака “Сўзларини ўзгартирдим, хавотир олма”, деган. Қўшиқ матнининг илк вариантида ҳақиқатан ҳам очиқ сўзлар кўп эди. У ҳаётий қўшиқ бўлгани билан омма олдида айтишга уялгандим. Хуллас, Тоҳир ака қўшиқни айтишга кўндирган. Қўшиқни студияда ёзиб, уйда дадамга эшиттирганимда, роса сўкканди. “Сен қиз бола бўлсанг, уялмай шу қўшиқни айтдингми?” деган. Эшитган “ширин” гапларимдан эрталабгача ухлолмай чиққандим. Бу гаплардан хабари йўқ продюсерим қўшиқни тарқатиб юборган. Эртаси куни турсам ҳамма ерда Дилдора Ниёзованинг “Ишонма” қўшиғи янграяпти. Бозорда ҳам дўконда ҳам қўшиқни эшитганимизда ҳаммамиз шокка тушиб қолганмиз. Дадам ҳам ҳайрон бўлган, аммо “Қиз бола нарса нега бундай қўшиқни айтинг”, деб роса ранжиганди. Шундай бўлса-да, халқ орасида Дилдора Ниёзова бўлиб танилишим бу қўшиқнинг ҳиссаси катта. Шу қўшиқ оммалашганидан кейин Сурхондарё стадионида консерт берганимда кетмасин деб машинани кўтариб юборган пайтлари ҳам бўлган. Давраларда қўшиқни қайта-қайта ижро этишимни сўрашарди. Яратганга шукр, шундай кунларни ҳам кўрдик, дейди хонанда.

Хонанданинг айтишича, Фарғона водийсидаги тўйлардан бирида ундан “Ишонма” қўшиғини бир неча бор қайта куйлашни сўрашган. Шу тўйда қўшиқнинг рекорд натижаси қайд этилиб, у кетма-кет 15 марта ижро этилган.

“Қўшиқни эфирга бериш жуда қиммат эди”

— 2002-2003-йилларда пулини бериб, йўлини қилсангиз, ярим соатдан кейин қўшиғингиз телевидениеда бериларди. Биз ҳам қўшнимиз ишлайдиган телеканалда таниш-билиш қилиб, қўшиғимни айлантирганимизни яхши эслайман. Бундан бошқа илож йўқ эди. Ундан кейин шартнома тизими йўлга қўйилди. Пулини тўлаб, истаганда телевизорда чиқиш мумкин. Аммо унинг нархи жуда қиммат. Охирги марта клипимни айлантирганимда битта қўшиқнинг эфири 100 АҚШ доллари эди. Бу нарх ёш хонандалар учун жуда қимматлик қилади. Охирги пайтларда телевизор кўрмаётганим ва рўмолда бўлганим учун телевидениега қизиқаётганим йўқ, дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

“10 минг долларлик тўйни рад этганман”

— Бу дунёда бесабаб ҳеч нарса бўлмайди. Мен тўғри қарор қабул қилганман, деб ўйлайман. Оммага айтиладиган ва айтиш жойиз бўлмаган гаплар бор. Бошимга оғир синовлар тушди. Аммо улар ҳақида очиқ гапиришни истамайман. Ҳижобга кирмасимдан аввал тўйларим жуда кўп эди. Ўша пайтларда “Юрагим” қўшиғи трендга чиқиб, вилоят тўйларида ҳам менга талаб юқори эди. Туғилган куним куни бошимга рўмол ўрадим ва турмуш ўртоғим келганида “Мен энди ҳеч қаерга чиқмайман, рўмолим билан мени ҳеч ким чақирмайди”, дедим. У пайтда исломий тўйлар кам, очиқ тўйлар эса кўп ўтказиларди. Буни эшитиб созанда йигитлар ҳам шокка тушиб қолишганди. Эртаси куни созанда йигитлар уйимизга келиб “Опа нега ундай қарор қабул қилдингиз. Ҳали ҳам кеч эмас, рўмол ечсангиз ҳам ҳеч ким билмайди. Аллоҳ берган санъатингиз бор, бу ёқда фарзандларингиз ҳам улғайиб қолишди. Мухлисларингиз ҳам сизни жуда яхши кўришади. Шунча тўй олинган, ишни белига тепаяпсиз”, дейишди. Йигитлар ҳам ёш-да, “Шунча инсонларга ваъда берилган, тўйларга “заклад” олинган уларга нима деб айтасиз”, дейишяпти. Нима бўлишини билмадим, ҳаммасини Аллоҳ билади.

“Соғлиғимдаги муаммо туфайли ўлиб қолсам керак дегандим”

Фото: Инстаграм

— Ҳақиқатан ҳам соғлиғимдан ёмон қийналдим. Шу даражага келдимки, ўлиб қолсам керак, деб қўрқиб қолдим. Шундан кейин рўмолни ўрашим хайрли бўлсин, дедим. Созанда йигитларга ҳам “Рўмол ўраганимни ҳеч ким кўрмас, аммо сўз берганман-ку, лафзим қаерда қолади”, дедим. Яратган тақдиримга ёзган бўлса, рўмолим билан ҳам ижод қиламан, бўлмаса розиман, дедим. Хўжайинимнинг ҳам озгина жаҳли чиқди. Чунки биз яхши яшаганмиз, ҳурматда, эъзозда бўлганмиз. Турмуш ўртоғим: “Энди аввалги ҳаётни унутинг, энди оддий яшашга кўникинг”, деди. Мен мингдан-минг розиман, рўмолни ўрадимми қайтиб ечмайман, дедим. Орадан 2-3 ой ўтди, ҳаммаси ўзгарди. Аммо бир нарсани англадимки, мен тўйда юрган вақтларимда ҳам шунчалик бахтли бўлмаганимни ҳис қилдим. Ҳаммасига кўникдим, аммо санъатни саҳнани соғина бошладим. Рўмолга киришдан аввал ҳаммасига рози бўлганман. Чунки консертларга, телевиденияга чақирмасликларини яхши билардим. Ҳозир ҳам кўрсатувларга чақиришади. Аммо “Рўмолни унақа ўранг, бунақа ўранг”, дейишади. Йўқ, мен фақат шу кўринишимда чиқаман, дейман.

Тўйларда ҳам фақат аёллар даврасида иштирок этаман. Аёл-у, эркак иштирок этадиган ва ичкилик бўладиган тўйларга бормайман. Вилоятларга қиммат пулларга таклиф этишади. Қанча пул берилса ҳам қароримни ўзгартирмайман. Турмуш ўртоғим ҳам бунга жиддий эътибор беради. Ҳатто, тўйхонага кириб, эркакларнинг аёллар билан бир даврада ўтирганини кўриб, пулни қайтариб берган пайтлари ҳам кўп бўлган. Сурхондарёга 10 минг доллар берамиз, деб чақирилган тўйларни ҳам рад этган, дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

“Пулни яхши кўрасизда, шунинг учун санъатдан кетолмайсиз”, дейишади

Фото: ЁуТубе

— Ҳар бир оилада ўзига яраша синовли кунлар бўлади. Аммо санъаткор таниқли инсон бўлгани учунгина унинг шахсий ҳаётидаги маълумотлар кенг тарқалиб кетади. Дунёда уришмайдиган эр-хотин борми? Жаҳлда ақл кетади, деб бекорга айтишмайди. Аёллар барибир оғирроқ бўлмаса, вазият бутунлай изидан чиқиб кетади. Оиланинг мустаҳкамлигини сақлаш осон эмас. Эркакнинг жаҳли чиққанида тез қарор қилиб қўяди. Турмуш ўртоғим жаҳл устида Инстаграмъга санъатдан кетишим ҳақида видео жойлади. Ҳар бир оилада тушунмовчиликлар бўлиб туради. Буни тўғри қабул қилиш керак. Турмуш ўртоғимнинг феъли тез бўлгани учун шу видеони жойлаган.

Аммо ўзга оиладаги вазиятни билмай туриб, муносабат билдирадиганлардан ранжидим. “Пулни яхши кўрасизда, шунинг учун санъатдан кетолмайсиз”, дейишди. Тўғриси, шунга ўхшаш гаплар қалбимга оғир ботди. Ризқни аввало Аллоҳ беради, санъатда шунча ҳаракат қилиб туриб ҳам ҳеч нарсага эришолмаётганлар бор. Мен тўйларга чиқиб нима ёмон иш қилаяпман. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилаётганим йўқ. Санъаткор кичкина пулга хизматга бормайди, аммо одамлар ният қилиб уни яхши кунига таклиф этади. “Одамлар мени тўйига айцин”, деб ният қилмайман. Ризқимни фақат Аллоҳдан сўрайман.

Рўмолга катта куч билан кирганман. Ҳақиқатан ҳам ўша вақтда қўшиқ ҳам айтмайман, дегандим. Аммо санъатдан кетдим эмас, фақат саловат ва нашидалар айтаман, деб ҳаёлимдан ўтказгандим. Англадимки, Аллоҳга бўлган муҳаббатимиз қалбимизда, уни ҳа деб атрофдагиларга кўрсатиш шарт эмас. Қўшиқ айтиш тақдир қисматимда бор. Уни ҳам Аллоҳ берган. Агар тақдиримда шундай ёзилмаганида мен бугунги даражага эришмаган бўлардим. Тўй хизматларига борсам “Сизнинг қўшиғингиз сабаб ҳаётга қайтдим”, деб ҳаққимга дуо қилишади. Балки қилаётган ишим нотўғри эмасдир, деб ўйлаб қоламан. Банданинг бандага ҳукм қилишга ҳаққи йўқ. Шундай экан у нотўғри иш қиляпти, деб хулоса чиқариш яхши эмас. Мен ҳақимда негатив фикр билдираётганларнинг хатоси, гуноҳи йўқми? Мен ёмон гапларни эшитиб ўрганмаганман. Негатив гаплар кўнглимга қаттиқ таъсир қилади. Шунинг учун билиб-билмай одамлар ҳақида ёмон гумонга боришларини истамасдим, дейди у.

“Эримнинг хиёнатини кечирдим”

Энг оғирларидан бири — турмуш ўртоғимнинг хиёнатини билиб қолганим эди. Ўша пайтда юрагим ёрилиб кетгандек бўлди, одамлар кўзига қараш ҳам қийин туюларди. Бир муддат халқ орасида ҳам кўринишни истамадим. Аммо вақт ўтиши билан ўйлаб кўрдим. Яратган банданинг энг катта фазилатларидан бири — кечириш экан. Мен ҳам ўзимга савол бердим: “Яратган бизнинг шунча гуноҳларимизни кечирса, мен нега кечиролмай?” Шу қарорга келдим.

Мен “Кечирсам, бу мен учун ҳам, оилам учун ҳам енгиллик. Адоват сақлаш билан ҳеч ким бахтли бўла олмайди”, дедим. Шу қароримни эшитган кўплаб аёллар менга ижтимоий тармоқларда ёзишди, маслаҳат сўрашди. Шунда билдимки, орамизда шундай синовларга дуч келаётган аёллар жуда кўп.

“Турмуш ўртоғимни алфонс деб гап тарқатишди”

Хонанда турмуш ўртоғи Латифжон Юнусовдан бир неча ёш катта. Аммо ёш ўртасидаги тафовут уларнинг турмуш қуришига ҳалал бермаган.

Бу гаплар унга қаттиқ оғир ботди. Мен уни яхши биламан — у ҳалол меҳнаткаш, рўзғори ва фарзандлари учун қайғурадиган инсон. Ўша миш-мишлардан сўнг у одамлар нотўғри тушунмасин, деб ўз касбига қайтди. Ҳозир Андижонда клиника қурилишида ишлаяпти. Мен бориб кўрдим — оддий ищилар қандай меҳнат қилса, у ҳам шундай ишлаяпти. Бу унинг ҳалоллиги ва оиласи учун масъулиятини яна бир бор исботлади.

Шу воқеалардан кейин мен ҳаётда бир нарсани тушундим — аёл фақатгина Яратганга суяниши керак. Ҳеч бир инсон — на эр, на бошқалар — аёлнинг ҳаётини мукаммал қилиб бера олмайди. Ўзим ҳам аста-секин мустақил бўлишни, машина ҳайдашни, рўзғоримни ёлғиз бошқаришни ўргандим. Ёлғизлик инсонни пиширар экан, дейди Дилдора Ниёзова.

“Миллиардер Алишер Усмонов менинг мухлисим”

— Тўғриси, интернет тармоқларини мунтазам кузатмаганим учун Алишер Усмоновни танимас эдим. Вилоятма-вилоят тўйларда юрганмиз-да. Кейин турмуш ўртоғим “Бу инсоннинг кимлигини биласанми, бу инсон дунёнинг энг бой одамларидан бири”, дедилар. Бир куни уларнинг хизматига борганимизда ҳамма жим бўлсин, деб, бутун давра жим бўлгандан сўнг ижодим ҳақида жуда ҳам яхши фикрларни, тилакларни билдирдилар. “Сени кўришим керак” деб номланган қўшиғим бўларди, Алишер Усмонов ушбу қўшиғимни жуда яхши кўриб тинглардилар. Бир тадбирларида шу қўшиғимни йигирма марталаб айтганман, шу қадар кўп куйлаганимдан ўзим ҳам чарчаб кетганман, дейди санъаткор.

“Ҳамкасбларим мени ёқтиришмагани учун ҳам раҳмат”

— Мени ёқтиришмагани учун ҳам раҳмат. Чунки икки аёл бир-бирига қўшилса, билиб-билмай хато гапириб қўямиз. Аёл киши ғийбат қилишга мойил бўлади. Инсон қанча бекорчи бўлса, шунча кўп гуноҳ ва нотўғри ишлар қилиб қўяди. Уларга қўшилмаганимга ва ёқтиришмаганига ҳам раҳмат. Балки улар ёқтиришмади деб нотўғри хулоса қилгандирман. Санъаткорлар билан гап-гаштакларга бориб, борди-келди қилмасам ҳам улар билан муносабатларим яхши. Кўрганда табассум билан кўришаман, шунинг ўзи етади. Ортиқча бир соат гаплашиб қолсам гап кўпаяди, кейин бошни ушлаб нега шундай дедим, деб афсусланамиз. Ўзимнинг феъл-атворимни билганим учун санъаткорлар даврасидан нари-бери бўлишни маъқул кўраман. Умр жуда қисқа. Уй ишларини қилиб, болаларим билан шуғуллангунимга қадар кеч тушади. Ишларимни қилиб, уйқуга кетгунимга қадар кечки соат 1-2 бўлиб кетади. Эртаси куни бу жараён яна такрорланади. Яқин бир инсонимнинг ишлари юришган вақтида кўчадаги дўст-у дугоналари кўп бўлган. Бошига иш тушгач. Уларнинг сафи анча камайди. Мен аввалги кўп пул топган пайтимда ҳам ҳеч ким билан дугона бўлмаганман, ҳозир ҳам худди шундай. Кўпчилик санъаткор аёллар гап-гаштак ўйнашни таклиф этишди. Аммо уларнинг бирортасига бормаганман. Кейинчалик эса барибир келмайди, деб чақирмай ҳам қўйишган, дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.