Алишер Узоқов 42 ёшда: Актёрнинг “запрет”га тушгани, отасининг ўлимидан кейин топилган акаси ва армони ҳақида

Алишер Узоқов 42 ёшда: Актёрнинг "запрет"га тушгани, отасининг ўлимидан кейин топилган акаси ва армони ҳақида
25-август куни актёр Алишер Узоқов 42 ёшни қаршилади. У гўдаклигида дебют ролини ижро этган бўлса-да, машҳурлик чўққисида ҳаётнинг оғир синовларига дуч келган. Отасининг вафотидан сўнг ўзига номаълум бўлган акасини топган ва чуқур депрессияни бошдан кечирган актёрнинг шахсий ҳаёти доимо жамоатчилик эътиборидан четда қолган. Актёрнинг таваллуди муносабати билан унинг ижодий йўли ҳақида маълумот берамиз.
**Алишер Узоқовнинг бобоси Ўзбекистон халқ ҳофизи бўлган**
Алишер Узоқов 1984-йил 25-августда актёрлар Шоҳида ва Муҳаммаджон Узоқовлар оиласида туғилган. У Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовнинг набираси ҳисобланади. Маъмуржон Узоқов ўз даврининг машҳур ижодкори бўлиб, олтин фондга кирган кўплаб қўшиқларнинг муаллифи ҳисобланади. У ижро этган “Мустаҳзод”, “Сайдинг қўябер, сайёд”, “Парво этиб кет” ва “Айрилмасин” каби қўшиқлар бугунги кунгача ўз мухлисларини йўқотмаган.
Актёрнинг отаси Муҳаммаджон Узоқов ҳам ўз даврининг таниқли актёри бўлган. У актриса Шоҳида Узоқовага уйланмасдан аввал оила қурган ва Сарвар исмли ўғилли бўлган. Оилавий келишмовчиликлар туфайли Муҳаммаджон Узоқов биринчи рафиқаси билан ажрашиб, кейинчалик Шоҳида Узоқовага уйланади. Бу никоҳдан Алишер Узоқов дунёга келади.
**Алишер Узоқов: “Онамга мендан актёр чиқмайди дейишган”**
Алишер Узоқов санъаткорлар оиласи вакили бўлишига қарамай, онаси Шоҳида Узоқовага “Ўғлингиздан драма актёри чиқмайди” дейишган. Бу гап бўлажак актёрга қаттиқ таъсир қилган.
— Ҳозирги ёшларга актёр бўлиш қийин. Чунки мен битирган йили курсимиздан тўртта актёр чиққан. Менимча, ҳозир бу рақамлар анча кўп бўлса керак. Аммо натижа йўқ. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширгани борганимда эшик ёнида ўтирган назоратчи исмимни сўраган. Алишер десам, бироз ўйланиб қолиб, онамга қараб “Шоҳида, бундан актёр чиқмаса керак, яхшиси қўғирчоқ театри актёрлиги бўлимига ҳужжат топширсин”, деб маслаҳат берган, — дейди Алишер Узоқов.
**Илк ролини гўдаклигида яратган**
Алишер Узоқов кино оламига қачон кириб келгани кўпчиликни қизиқтирса керак. Маълумотларга кўра, у илк ролини 1984-йили “Кунда” филмида ижро этган. Гўдак Алишер Узоқов гарчи унда камера гаштини ҳис қилмаган бўлса-да, унинг дебют роли сифатида тарихга муҳрланган. Ундан кейин 2001-йили Ҳилол Насимов режиссорлигидаги “Остона” филмида суратга тушган. Бу рол ҳам ёш ижодкорнинг шаклланишида муҳим ўрин тутган.
**Рус киноижодкорларининг назарига тушган актёр**
Алишер Узоқов Россия киноижодкорлари томонидан 2003-йилда суратга олинган “Великан” қисқа метражли филмида рол ўйнаган. Шундан сўнг у яна рус киноижодкорлари билан ҳамкорлик қилди ва “Застава” сериалида бош қаҳрамонлардан бирини ижро этди. Ушбу сериалдаги ижроси актёрга чет элда ҳам муваффақият қозонишига сабаб бўлди. “Застава” сериалида гиёҳванд моддалар савдоси йўлига тўсқинлик қилган, ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳарбийларнинг жасорати, ўз ватанининг чегараларини ҳимоя қилиш ҳаётининг бир қисмига айланганлар ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу филмдан сўнг актёрга кўплаб ўзбек режиссорлари томонидан таклифлар туша бошлайди.
**Отасининг ўлимидан кейин топилган ака**
Актёр ва бошловчи Алишер Узоқовга жуда ўхшаш акаси бор. Сарвар Узоқов Алишердан тўрт ёш катта ва айни кунларда тадбиркорлик билан шуғулланади.
— Дадам вафотига қадар унинг ёлғиз ўғлиман ва унга жуда ўхшайман, деб юрардим. Вафотларидан сўнг дадамнинг биринчи турмушидан Сарвар исмли ўғиллари борлиги ҳақида эшитдим. Илк марта акам билан учрашганимда у мендан кўпроқ дадамга ўхшашига гувоҳ бўлдим. Нафақат ташқи кўриниши, балки феъл-атвори ҳам жуда ўхшайди. Акам бир неча йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Акам билан бир-биримизга жуда ўхшаймиз. Бизни яқиндан билган инсонлар қиёфамиз ўхшашлигини айтишади, — дейди актёр Алишер Узоқов.
**Алишер Узоқов томошабинга тарсаки туширгани ҳақида**
Алишер Узоқов театрда рол ижро этаётганида маданиятни билмаган томошабинга тарсаки тортиб юборган. Бу ҳолатдан нафақат томошабинлар, балки актёрнинг ҳамкасблари ҳам ҳайрон бўлган.
— “Дийдор” театр студияси кичкинагина, актёр ва томошабинлар ораси жуда яқин. Жиддий спектакл намойиш этилаётганда биринчи қаторда ўтирган томошабин кулиб ўтирибди. Унга огоҳлантириш бериш учун баландроқ овозда гапирдим. Аммо у кулишда давом этди. Унинг ҳаракатлари ёмон таъсир қилаётгани учун ёнига бориб беихтиёр тарсаки тортиб юборганман. Аммо энг қизиғи саҳна ортида бўлган. Партнёрим Акбархўжа бошқа ҳамкасбларимизга “Алишер ақлдан озиб қолибди. Олд қаторда ўтирган томошабинни урди”, дебди.
**Актёрнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳақида**
Актёр 2011-йилда Моҳинур исмли қиз билан турмуш қурган. Актёрнинг тўйида машҳур футболчи Одил Аҳмедов куёвжўра бўлган. Ҳозирда уларнинг икки нафар: бир ўғил ва бир қиз фарзанди бор. Актёрнинг рафиқаси Моҳинур Узоқова мактабгача таълим муассасасида логопед бўлиб ишлайди.
**Алишер Узоқов “запрет”га тушгани ва бунга нима сабаб бўлгани тўғрисида**
Актёр Алишер Узоқов “Чотки ТВ” ЁуТубе каналига берган интервюсида 2012-йилда бир неча йилга “запрет”га тушгани, запрет уни бутунлай бошқа инсонга айлантиргани ҳақида сўзлаб берган.
— Билмасам, охирги 2012-йил бир эмас, иккита М&ТВАъни олганимда ҳамманинг кўзига кўриниб қолган бўлсам керак, деб ўйлайман. Айнан мени тақиққа туширган инсонлар у пайт мени топиши муаммо эмасди. “Алишер, мана буни қилиб қўйгандинг, хатонг шу эди”, деса, мен қўлини ўпаман шу одамнинг, раҳмат дейман. Сиз мени хатомни айтяпсиз, эртага шуни қилмай, ҳали ёшман-ку?! Динимизда ҳам бор хатосини, камчилигини айтиш.
Мен ҳар доим айтаман ва кўпчилик хафа ҳам бўлади. Яқинларимга тўғридан тўғри айтаман камчиликларини, менга айтишмайди. Раҳмат, дейман, қаерда эдингиз шунча йилдан бери, дейман. Хато қилган бўлсам, билишим керак, ўша хатони эртага такрорламаслигим учун. Яна такрорлашни хоҳламайман, чунки ҳамма ҳам хато қилади, — дейди Алишер Узоқов.
**“Запрет”га тушганидан сўнг ёнида ҳеч ким қолмаган ва 20 минг сўмлик дорига пул топа олмаган**
Актёр 2019-йилдаги интервюсида “запрет”га тушганидан сўнг ёнида ҳеч ким қолмагани ва шундан сўнг соҳасига бўлган муносабати ўзгаргани ҳақида гапирган.
— Депрессия бўлади, шунча қийинчиликни депрессиясиз ўтказиш учун одам без бўлиши, юзи ва юраги эшакнинг терисидан бўлиши керак. Тақиқдан кейин анча кўзим очилди, ишимга бўлган муносабатим ўзгарди. Бутунлай ўзгардим. Бошимдан ўтганларини душманимга ҳам раво кўрмасдим. Чунки фақат кино соҳасида ижод қилаётган ижодкор учун шунчаки 3,5 йил уйда ўтириш жуда қийин. “Запрет” сабабини билмайман. Ҳеч ким бунинг сабабини, нимагалигини айтмаган. Ўша пайтлар ёнимда ҳеч ким қолмади, эшигимни биров тақиллатиб келмади. Шунинг учун ҳам ҳозир кимдир келиб яхши гапирса, уни нима учун бунақа гапираётганини яхши биламан. Ўшандан сўнг ишимга, соҳага бўлган муносабатим ўзгарди.
Ўша пайтларда у дори 20 минг сўм турарди. Ҳаттоки ўша дорини олишга ҳам пулим бўлмай қолганди. Кейин 2-3 минг сўмга “Нафтизин” олиб, томизиб юрдим. Уйимга келиб, эшигимни тақиллатиб, тўйга 400, 500, 800 доллар бераман дейишганида чиқмаганман. Ношукрлик қилмаганман. Шундай қийинчилик бўлиши керак экан, чидадим”, — деган эди актёр.
**Кўплаб юлдузларни кашф этган ва машҳур лойиҳалар асосчиси**
Алишер Узоқов асос солган лойиҳалар кўплаб янги юлдузларнинг яралишига сабаб бўлди. Бу лойиҳа ҳозирда миллионлаб мухлисларга эга Ёрқинхўжа Умаров, Афруза, Ғайбулла Турсунов каби хонандаларнинг истеъдодини янги босқичга олиб чиқди. Кейинчалик кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этган “Тҳе совер уп кидс” лойиҳаси ҳам ўз мухлисларини топди.
**Алишер Узоқов нега санъатдан кетди?**
Актёр Алишер Узоқов санъат ўрнини эгаллаётган вайнерлар ва уни ҳасадчиликда айблаётганларга ўз муносабатини билдириб ўтди.
— Мен кинодан бутунлай узилдим. Бунинг сабаблари жуда кўп. Охирги 10 йилда бирорта яхши ссенарий қўлимга тушгани йўқ. Афсуски, театр ишлаяпти, кинолар суратга олиняпти. Аммо уларнинг ҳеч бири томошабин назарига тушаётгани йўқ. “Қилиндими-қилинди” тарзида қолиб кетяпти. “Ўзи кинода суратга тушмаётгани учун танқид қиляпти”, деган хаёлга боришларини истамайман. Мен ёки фалончи актёр суратга тушган тақдирда ҳам, аввалгидек кинолар бўлмайди. Яъни режиссорларнинг актёргача бўлган муаммолари кўп. Энг биринчиси ссенарий билан боғлиқ бўлса, кейингиси молиявий муаммоларга бориб тақалади, — дейди актёр.
**“Мендирман Жалолиддин” филмидаги ролдан воз кечгани ҳақида**
Алишер Узоқов “Мендирман Жалолиддин”да суратга тушмаганидан ачинмаслиги ва шундан кейин кўп филмларнинг кастингидан ўтолмагани ҳақида айтиб ўтди.
— “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олиш майдончасидан нега кетиб қолганим ҳақида кўп гапирганман. Чунки режиссор ўзбек актёрига актёрдек муносабатда бўлмаган. “Мана бу рол сенга ва сен сериалнинг ҳамма қисмида кўринасан”, деган. Аммо менга ролнинг катта-кичиклиги эмас, ўша сериалда унинг қанчалик аҳамиятли эканлиги муҳим эди. У ерда нафақат ўзбек актёрига, балки миллатга нисбатан бўлган муносабат ёқмагани учун кетганман. Мен табиатан шундай инсонман, ёқмадими, кетаман. Қайтгандан кейин балки нотўғри хулоса қилгандирман, деб бироз иккиландим. Аммо кўп ўтмай, қарорим тўғри эканлигини тушуниб етдим. Ундан кейин учта яхши филмга кастинг топширдим. Улардан бири “Илҳақ” эди. Жаҳонгир Аҳмедов билан аввал ҳам ишлаганмиз, бир-биримизни яхши тушунамиз. Аммо у филмига олмади. Унинг ҳам қарорини ҳурмат қиламан. Ундан кейинги кастингидан ўтолмаган филмларим эса ҳали ҳам экранга чиққани йўқ, — дейди актёр.
**“Танқидни ким айтганига қараб қабул қиламан”**
— Билдириладиган танқидлар асосли бўлса, қабул қиламан. Чунки мана шу соҳада озми-кўпми, анчадан бери ижод қилиб келяпмиз. Кимнинг фикри ўринли-ю, кимнинг танқиди ўринли эмас, ажрата оламиз.
Лекин ҳозир ҳамманинг қўлида микрофон, ҳамма фикр билдириш имкониятига эга замон бўлиб қолди. Ҳамма журналист — суҳбат, подкастлар қилади. Бунинг учун уларда камера, микрофонлар бор. Минг афсуски, ҳамма фикр билдириш ҳуқуқига эга бўлиб қолган.
Авваллари бир соҳанинг эгаси, ўз йўналишидаги билимларни нолдан ўрганган. Дейлик, оддий инсонлар мақолалар ёзмаган, фикрларини билдирмаган. Аммо ҳозир ижтимоий тармоқларда фикр билдириш имконияти ҳаммада бор. Бу ҳолатни тўхтатиб бўлмайди, бироқ унга қарши курашиш мумкин, — дейди у.
**“Ҳаётимда қаттиқ синов бўлди”**
Актёр сўнгги интервюларининг бирида ҳаётида қаттиқ синов бўлиб ўтгани ҳамда уни қандай енггани ҳақида айтиб берди.
— Бир ой аввал бошимга қаттиқ синов келганида шунақанги бир вазият бўлди: чет сафарида мазам қочиб қолганида бир ҳамюртимиз олдимга келиб, мендан ҳол-аҳвол сўради. Самарқандлик йигит экан. Оиласи билан юрган экан, сўнг оиласини кузатиб юбориб, фақат мен билан шуғулланди. Ўша ерда ётиб, балки асл мукофот шулиги ҳақида ўйладим. Чунки у йигит мен суратга тушган филмларни кўриб катта бўлгани, яхши кўриб ижодимни кузатгани ҳақида жуда кўп гапирди.
—Мана шунақа ҳолатларни, шу каби менга нисбатан айтилган гапларни авваллари тўғри қабул қилмасдим. Ҳозир максимал даражада тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Чунки у инсон томонидан туриб ўйлаб кўряпман. Дейлик, мен ҳар хил ҳолатда бўлишим мумкин. Кимдир келиб расмга тушайлик, дейди ёки икки оғиз гаплашгиси келади. У инсонлар ҳам сизни яхши кўрганидан олдингизга келади. Самарқандлик ҳамюртимиз ҳам мени ҳурмат қилишини айтди. Ўшанда ўзимга ўзим “Алишер, шунча йил кутган нарсанг, балки аслида шудир, балки шу энг муҳимидир”, дедим. Чунки у инсон қийинчилик вақтимда жуда катта ёрдам берди ва у ҳолатдан чиқиб кетишимга сабабчи бўлди. Мухлислар эътирофи ҳам керак экан, — дейди актёр ва режиссёр Алишер Узоқов.
**Актёрнинг ягона армони ҳақида**
— Отасизлик туфайли жуда тез улғайдим. Отам вафот этганида 20 ёшлар бўлганман. Ўша пайтда сафарда бўлганим учун уларни сўнги манзилга кузата олмаганман. У пайтлар ҳали техника бугунгидек ривожланмаган эди — қўнғироқ орқали тез боғланишнинг имкони йўқ эди. Шунинг учун бу хабарни менга тезликда етказишлари мушкул бўлган. Ўзим уйдагиларга алоқага чиққанимда бу ҳақда хабар топганман, аммо вақтида етиб кела олмаганман. Ҳаётдаги битта-ю битта армоним шу, бошқа армоним йўқ, — дейди актёр.

