Хонанда Шаҳзода билан муҳокама қилинадиган, бахтини иккинчи турмушидан топган, Шаҳноза Мирзиёеванинг яқин дугонаси Лола Йўлдошева 41 ёшда (фото, видео)

Хонанда Шаҳзода билан кўп бора тилга олинадиган, иккинчи турмушида бахт топган, Шаҳноза Мирзиёеванинг яқин дугонаси Лола Йўлдошева 41 ёшда (фото, видео)
Ўн ёшида машҳурликка эришган, собиқ турмуш ўртоғи сабаб университетни тугата олмаган, асл касби юрист бўлган, санъатга ошно терговчи отанинг қизи хонанда Лола Йўлдошева 4-сентябр куни 41 ёшга тўлди. Ижоди давомида кўплаб хит қўшиқлар яратган, шу билан бирга актрисаликда ҳам ўзини синаб кўрган, ҳозирда уч фарзанднинг меҳрибон онаси бўлган кўп қиррали ижодкор Лоланинг ҳаёти ва ижодига назар ташлаймиз.
### Терговчининг қизи
Лола Йўлдошева 1985-йил 4-сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Равшанбек Йўлдошев узоқ йиллар ички ишлар органларида терговчи бўлиб ишлаган. Шу билан бирга, унинг санъатга қизиқиши кучли бўлган. Айнан шу қизиқиш туфайли Равшанбек Йўлдошев кейинчалик кўплаб юлдузларни кашф этган “Тарона рекордс” продюсерлик компаниясига асос солган. Унинг кўмагида “Сетора” гуруҳи, Шаҳзода, Шохруҳхон каби хонандаларнинг танилишига ҳисса қўшган.
Онаси Гулнора Йўлдошева эса дизайнерлик билан шуғулланган, дастлаб турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлаш учун унинг продюсерлигида суратга олинган клипларда костюм устаси бўлиб ишлаган.
### Лоланинг асл касби санъаткор эмас, юрист
Хонанда ёшлигида гуманитар фанларни катта қизиқиш билан ўрганади ва Буюк Британиядаги ўрта мактабда таҳсил олади. Лола мактабни тугатгач, Москва халқаро университетига ўқишга киради. Ўқишни битиргач, Тошкентга қайтади ва бизнес соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш учун пойтахтдаги Вестминстер халқаро университетида таҳсил олади. Кейин Тошкент давлат юридик университетига ўқишини кўчиради ва олий маълумотли юрист сифатида ўқишни якунлайди.
— Кичкиналигимда ўзига ишончи паст, тортинчоқ қизча бўлганман, ўзимга бўлган ишончсизликни бошқариб бўлмайдиган энергиям ортига яширганман. Тенгдошларим билан йиғилсак, ўзимни ноқулай ҳис этардим. Бу ўз севимли машғулотимни топиб, энергиямни керакли соҳага йўналтиргунимга қадар давом этган, дейди хонанда.
### 10 ёшда эришилган машҳурлик
Лола ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган. У 10 ёшида “Ширибом” реклама ролиги учун илк қўшиғини ижро этган. Лола 2002-йилда хонанда сифатида фаолиятини бошлайди ва “Нетайин” номли таронасини куйлайди. Хонанданинг ушбу қўшиғи узоқ вақт ҳитлар сафидан тушмайди. У 2002-йилда россиялик продюсерлар билан шартнома имзолайди ва бир муддат Майя тахаллуси остида ижод қилади.
Шундан сўнг у “Муҳаббатим”, “Топдим бахтимни”, “Имкон бер”, “Сенга”, “Соғиндим”, “Кел” тароналарини мухлисларига тақдим этади. Хонанда иштирокидаги “Келгинди куёв”, “Жодугар”, “Ёндиради, куйдиради”, “Ғаройиб орзулар” филмлари ҳам томошабинлар эътирофига сазовор бўлган.
### Омадсиз турмуш
Актриса 2005-йилда “Тарона” мукофотлаш маросимида “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” сифатида ғолиб деб топилади. Шундан сўнг хонанда турмушга чиқади ва ижодда танаффус қилиб, бутун эътиборини оиласига қаратади. Лола “Топдим бахтимни” номли таронасида биринчи турмуш ўртоғи билан суратга тушган. Орадан 6 йил ўтиб, 2011-йилда у турмуш ўртоғи билан ажрашганини ва ижодга қайтганини маълум қилади.
— Собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил меҳнат қилди, бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди.
Биз шаҳардан 30 километр узоқликда яшардик, мен деярли уйдан кўчага чиқмасдим. Менга ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмади. Чунки бу янги келинчакка уйдаги мажбуриятларини бажаришига халақит берарди. Шу тарзда Вестминстерни тамомлай олмадим. Ўқишимни юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришди.
Ишлашимни ҳамда касбим билан боғлиқ тадбирларда иштирок этишимни тақиқлашди. Барча дугоналарим билан алоқам узилди, улар билан учрашувларга, туғилган кун ва тўйларга юборишмасди.
Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 6:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим.
### “Ҳақиқий Лолани соғинардим”
— Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим, деб ёзганди Лола Инстаграм саҳифасида.
Йўқ. Қилмишимдан афсусландимми? Ҳеч қачон! Кимнидир айблайманми? Бу аҳмоқлик. Биз билан бўлаётган ҳамма нарсага биз қачондир рухсат берганмиз. Орадан 10 йил ўтганидан сўнг мен бу ҳақда биринчи марта гапиряпман. Чунки қачондир мен босиб ўтган ҳаётда яшаётган аёлларнинг оғриғини тушунаман, сизнинг умидсизлигингизни ҳис этаман, оилангизни йўқотишдан, шу билан бирга, тубсиз жарлик ёқасида қолишдан қўрқишингизни биламан.
Бирга яшаётган одамларингизнинг ҳаракатларини оқлаб, бу сизнинг тақдирингиз ва сиз ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигингизга ўзингизни ишонтираётганингиз, ота-онангиз юзини ерга қаратмаслик учун ҳаракат қилаётганингизни ҳис қиламан.
Фото: Инстаграм
Сиз жуда ҳам истайдиган ягона нарса — тўйиб ухлаш ёки ҳеч бўлмаса бирор марта ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан бирор қарорни қабул қилиш. Бироқ сиз булардан кўпроғига лойиқсиз. Бу ажрашишга чақириқ эмас! Мен учун оилавий қадриятлар ҳамиша устун бўлган. Бу ўзингизни ҳурмат қилишга чақириқ! Сиз шахс эканлигингиз ва ўзингиз орзу қилган ҳаётда яшашга тўлақонли ҳақли эканлигингизни унутманг! Ҳа, сиз келин, рафиқа ва онасиз, лекин биринчи навбатда сиз ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга инсонсиз ҳамда ҳеч ким уларни оёқости қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Кимдир ўзгариши ва ҳаётингиз яхшиланишини кутманг. Бу ўз-ўзини алдаш. Ўзгариши мумкин бўлган ягона инсон — сизсиз. Мен шу тарзда юмшоқ феъл-атворли, очиқ, содда ва ишонувчан қиздан кучли, асосийси, ўзини севадиган ва ҳурмат қиладиган аёлга айландим.
Фото: Инстаграм
Биз қизларимизга ўрнак бўламиз, шуни ёдда тутинг. Ўзига ҳурмат болаликдан бошланади. Болалар ўзига ишончи юқори, ўзига қараган, отаси севадиган бахтли онани кўриши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас! Менинг фарзандларим бугун мени шу ҳолда кўряпти.
Орадан йиллар ўтиб, мен турмуш ўртоғим сиймосида бахтимни, севгимни, эркимни, ҳурмат ва қўллаб-қувватлашни топдим. Бунинг учун ундан миннатдорман. Энди сиз бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, балки менинг ҳаётий тажрибам эканини биласиз.
Мен сизларнинг ҳар бирингиз бахтли бўлишингизни жуда хоҳлайман. Яна ўзингизнинг ҳаётингизни севишингиз, бу яшаш учун кураш эмас, ажойиб йўл эканлигини ёдда тутишингизни истардим. Бу йўлни қандай босиб ўтишни фақат сиз ҳал қиласиз, деган эди хонанда.
Фото: Инстаграм
Биринчи турмушидан ажрашгандан сўнг хонанда 2017-йилда яна турмуш қуради ва 2020-йилда қизи Аишани дунёга келтиради.
### Хонанда зарарли одатлари ҳақида
Фото: Инстаграм
Лоланинг ҳам кўплаб инсонлар сингари зарарли одатлари бор. Хонанда мухлисларига аталган постида пунктуаллик (ўз вақтида улгуриш) борасида ажралиб турмаслиги ва кўпинча ҳамма жойга кечикиб юришини тан олган, буни эса ишларни доим кейинга қолдириши билан изоҳлаган эди. Бундан ташқари, қўшиқчи ўзини қаҳвадан чекламаслигини, бир кунда бу ичимликдан икки финжон ҳам ичиши мумкинлигини қайд этган эди. Шунингдек, Лола кир ювиш машинасидан ювиб бўлинган кийимларни чиқариб ёйиб қўйишни унутиши, анча вақтдан кейин эса уларни қайтадан ювиши ҳақида ёзганди.
### Лола ва Шаҳзода ўртасидаги муносабат ҳар доим муҳокамалар марказида
Лоланинг отаси Равшан Йўлдошев унинг онаси Гулнора Йўлдошева билан ажрашиб, Шаҳзодага уйланганидан кейин хонандалар ўртасидаги муносабат ёмонлашгани ҳақида узоқ йиллар давомида миш-мишлар юради. Шаҳзода ҳам, Лола ҳам турли интервюларда улар ҳеч қачон бир-бирига овозини баландлатиб гапирмагани, ораларида жиддий келишмовчилик ҳам йўқлигини таъкидлаб келади. Лола Инстаграм саҳифаси орқали мухлисларини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, бугунга келиб Шаҳзода билан ҳеч қандай муносабатда эмаслигини маълум қилган.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
### Отасининг вафот этганидан сўнг анча пайтгача ўзига кела олмаган
2020-йил 31-март куни Лоланинг отаси Равшанбек Йўлдошев юрак хуружидан вафот этди. Хонанда ўшанда оиласи билан Россиянинг Москва шаҳрида эди. Пандемия сабаб авиарейслар чеклангани боис Лола отасининг жанозасига кела олмади. У отасининг ўлимидан кейин анча вақтгача ўзига кела олмагани ҳақида мухлисларига сўзлаб берган эди.
Фото: Инстаграм
— Отам сочининг учигача интеллигент одам эди. У энг ақлли, меҳрибон, ниҳоятда истеъдодли инсон эди. У ҳар доим ўзини оғир-босиқ тутар, паст, ёқимли овозда гапирарди. Ўйлашимча, у жавобини билмайдиган биронта ҳам савол йўқ эди. Ҳар доим тўғри, доно маслаҳат берарди. Мен ҳар доим ижод ва шахсий ҳаётга оид маслаҳатларни ундан сўрардим. У ҳар доим менинг суянчиғим эди. У ўзини севарди, ўзига қарарди, ҳар доим дид билан кийинарди. Яна унинг қўллари жуда чиройли эди. У фарзандимни дунёга келтиришим билан учиб келишини айтганди, мен уни роса кутаётган эдим. Биз у билан ўлимидан бир кун аввал гаплашган эдик. Иккаламиз ҳам бу охирги марта эканлигини билмагандик, деган эди Лола.
Лола 2022-йил март ойида пластик жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. У гўзал бўлиш учун асли ўзбекистонлик, аммо Москвада фаолият юритаётган машҳур пластик жарроҳ Тимур Хидировга мурожаат қилди.
### “Ажралиш — бу танлов”
Мен озод бўлдим! Ажрашиш — бу танлов. Ва сиз буни танлайсиз. Фарзандларингиз сизнинг бойлигингиз, ортиқча юк эмас! Бирга яшаган йилларингиз эса — тенгсиз тажриба, вақт ва ёшликни қўлдан бой бериш эмас. Ҳаётингиз учун масъулиятни ҳис этинг ва фақат олға, дейди Лола.
### “Онажонлар, қулларни тарбияламанг”
— Фикримча, қизлар тарбиясида муҳим нарсалардан бири бу уларни ўзига ҳурмат руҳида тарбиялаш. Онажонлар, келажакда эркакларга хизмат қилиши керак бўлган қулларни тарбиялашни тўхтатинг! Қизларга билим беринг, шунда улар “қути” ташқарисидаги дунёни кўргач, ўзлари стереотипларга тўла “қути” ичида қолишни истамайди, дейди хонанда.
Хонанда қизи Аишани дунёга келтирганидан сўнг бир муддат ижоддан чекиниб, ўзини оиласига бағишлади.
### Шаҳноза Мирзиёеванинг яқин дугонаси
Фото: Инстаграм
Хонанда Лола Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг энг яқин дугоналаридан бири ҳисобланади. Уларнинг дўстлигига 19 йилдан ошди. Хонанда Лола 2021-йил ноябр ойида Шаҳноза Мирзиёева билан тушган суратини саҳифасига жойлаб, уни туғилган куни билан табриклаган ва самимий тилакларини билдирган. Шунингдек, хонанда Шаҳноза Мирзиёева билан узоқ йиллик қадрдон эканлигини айтиб ўтган.
### Лоланинг шов-шувли консерти
Бир неча йиллик ижодий танаффусдан сўнг 2024-йил 27—29-сентябр кунлари Лола тўлақонли жонли ижрода мухлислари билан куйлаб, шоу-консертни уларнинг эътиборига ҳавола қилди.
У биринчи қўшиғини саҳнада от устида айтган бўлса, кейинги чиқишида эса “гул барги” ичида куйлади.
Консерт якунида Лола қизи ва ўртанча ўғли билан бирга отаси ҳақида қўшиқ куйлади. “Дадажоним, сизни жуда соғиндим. Тушларимда сизни кўрсам дейман” жумлалари мухлислар кўзига ёш олдирди. Унинг сўнгги кунлари ёнида бўлолмагани, карантин сабабли Ўзбекистонга киролмагани ҳақида, у доим консертида олд ўриндиқларда ўтириб, қизини қўллаб-қувватлаб туриши ҳақида эслаб, кўзларига ёш олди. “Сизларни ҳам йиғлатганим учун ҳаммангиздан узр сўрайман, азизларим”, деди Лола унинг сўзларидан таъсирланганларга қарата.
### Орден билан тақдирланган
Лола Йўлдошева Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
— “Бугун мен президентимизнинг қўлидан “Дўстлик” орденини олдим! Бу мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Мен фахрни ҳис қиляпман ва ниҳоятда миннатдорман. Ижодим ҳар доим мен учун одамларни бирлаштириш ва илҳомлантириш усули бўлиб келган. Бу мукофот нафақат меники, балки орзу билан яшайдиган, ўз ишини севадиган ва унга ўзини тўлиқ бағишлаган ҳар бир инсонга тегишли.
Кўрсатилаётган эътибор, инсонларга ишонч, беқиёс қўллаб-қувватлаш учун муҳтарам президентимиздан миннатдорман. Бундай эътироф илҳомлантиради ва рағбатлантиради. Мен ўз оилам, дўстларим ва менга ишонган барчага раҳмат айтаман. Бугун мен ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қиляпман”, деб ёзган Лола Инстаграм саҳифасида қолдирган постида.
### Мухлислар кўзидан ғойиб бўлган Лола
Лола Йўлдошева 2025-йил сентябр ойида “Ўзича” номли сўнгги яккахон консерт дастурини тақдим этгач, Инстаграм саҳифасидаги кузатувчилари билан хайрлашиб, барча постларини ўчириб ташлади. У бундай қилишининг сабабини ҳеч қандай изоҳсиз қолдирди. Шу орада Лола на тўй хизматларида, на ҳамкасбларининг консерт дастурларида кўриниш берди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, туғилган куни муносабати билан янги пост жойлади ва мухлислари олдига қайтганини маълум қилди. У жойлаган видео кадрларида хонанда бир йил давомида санъатдан ва ижтимоий тармоқлардан дам олганини кўриш мумкин.

