Дунё

Марказий Осиёнинг икки давлати Ҳиндистондан ҳаво мудофаа тизимлари сотиб қолди

Марказий Осиёдаги икки давлат Ҳиндистондан ҳаво мудофаа тизимлари харид қилди

Тожикистон ва Туркманистон “Акаш” ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олди. Бу ҳақда Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилотининг собиқ раиси Самир Камат маълум қилди. Ушбу комплекснинг биринчи хорижий харидори Арманистон бўлган.

Камат эълон қилган баёнотга кўра, бу қадам Ҳиндистон ҳарбий-саноат корхоналарининг Марказий Осиё бозорига кириб келаётганидан дарак беради. Бироқ ҳозирча қайси давлатга нечта тизим етказилгани, уларнинг қайси модификациялари экани ва шартномалар қиймати ошкор этилмаган.

Душанбе ва Ашхободнинг Ҳиндистон билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги илк хабарлар август ойида тарқалган эди. Ўшанда кузатувчилар гап “Акаш” тизимининг янгиланган Мк 1С версияси ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Аммо бошқа тафсилотлар очиқланмагани сабабли, Камат тилга олган тизимлар августдаги келишув доирасида етказиб берилганми ёки аввалроқ имзоланган битимга дахлдорми — бу номаълум.

Агар бу хабар тасдиқланса, у Марказий Осиё давлатлари учун муҳим тарихий қадам бўлади. Чунки Россия минтақанинг ҳарбий-техник ҳамкорликдаги, айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бўйича асосий ҳамкори бўлиб келган. Сўнгги йилларда Хитой ҳам ўзининг илғор тизимлари билан бу бозорга кириб келаётган бўлса-да, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникаларга қизиқиш юқори эмас эди. Бу эса минтақа давлатлари таъминотчиларни диверсификация қилаётганини кўрсатади.

Бу қандай тизим?

“Акаш” — ўрта масофага мўлжалланган зенит-ракета комплекси бўлиб, самолётлар, вертолётлар, дронлар ва қанотли ракеталарга қарши қўлланилади. Уни Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти ишлаб чиққан. Тизимларни серияли ишлаб чиқариш билан мамлакатнинг энг йирик мудофаа технологиялари компанияси — Бҳарат Дйнамисс Лимитед шуғулланади.

Мазкур тизим мобил платформаларга асосланган бўлиб, бу юқори ҳаракатчанликни таъминлайди. У “Ражендра 3Д” радари орқали 64 тагача нишонни аниқлай олади ва улардан 4 тасига қарши ракеталарни бир вақтнинг ўзида йўналтириши мумкин. Уриб туширишнинг максимал баландлиги 20 км, масофа кўрсаткичи эса 25 кмни ташкил этади.

“Акаш Мк 1С” эса ушбу тизимнинг замонавий талабларга мослаштирилган модернизацияланган версияси ҳисобланади. Дастлабки модел нишонга йўналтирилган ракетани бутун парвоз давомида радар орқали бошқариб турса, “Акаш Мк 1С” охирги босқичда ўзининг фаол радиочастота қидирувчисидан фойдаланади. Яъни “Ражендра” радари билан алоқа узилиб қолса ҳам, у таъқибни мустақил давом эттира олади.

Мазкур тизимнинг илк хорижий мижози Арманистон ҳисобланади. Ереван уларни Деҳли билан 2022-йилда имзоланган 720 млн долларлик келишув доирасида харид қилган. Ўшанда арманлар “Акаш-1С” комплексининг тахминан 15 та батареясига буюртма бергани, уларнинг ҳар бири учун 48 млн доллардан тўлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.