Маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди
Шунингдек, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принсипи киритилди

Маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Бу ҳақда 14-августда қабул қилинган ЎРҚ–1165-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар маълум қилади.
Ушбу қонунга кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принсипи киритилди ва маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.
Дастлабки эшитув маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонунчиликка зид ҳамда шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида ўтказилади.
Судя дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан бошлаб 20 кундан кечиктирмай ўтказади. Унда судя қуйидагиларни амалга оширади:
* аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштиради;
* аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;
* аризачига зарур далилларни, жавобгарга эса ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар беради;
* аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо беради.
Дастлабки эшитув натижасига кўра аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Шунингдек, маъмурий орган мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида иштироки мажбурий ҳисобланади. Узрли сабабсиз судга келмаган тақдирда, муҳокама кейинга қолдирилиши ва суд мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўллаши мумкин. Бироқ, уларнинг иштироки ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Қонун билан иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ҳам киритилди. Маъмурий судларга эса маъмурий ишларни муҳокама қилиш чоғида аниқланган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича, жумладан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган ишларини кўриб чиқиш ваколати берилди.
Бундан ташқари, "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, айрим ҳолатларда давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асослар белгиланди. Улар қаторига дастлабки эшитув натижасига кўра аризанинг кўрмасдан қолдирилиши ҳам киритилди.

