Маҳаллабай тизим: 8 ойда 180 минг киши даромад манбасига эга бўлди

**Маҳаллабай тизим: 8 ойда 180 минг киши даромад манбасига эга бўлди**
Президентимиз томонидан ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш юзасидан бир қатор муҳим вазифалар белгиланган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мазкур қарорлар ижроси доирасида йўлга қўйилган янги тизим оддий кредит ёки молиявий кўмак бериш билангина чекланмай, балки ҳар бир маҳаллада юртдошларимизга ўз кучига ишончни қайтариш ва оилалар тўкинлигини таъминлаш механизмига айланди.
Бу йўналишда Халқ банки ўзига бириктирилган салкам 1 900 та маҳаллага 700 дан ортиқ “Маҳалла банкирлари” ҳамда 1 900 га яқин агентни сафарбар этди. Улар ҳар бир хонадон эшигини қоқиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, бироқ ишни нимадан бошлашни билмаган юртдошларимизга манзилли йўл-йўриқ бера бошлади.
Жорий йилнинг январ-август ойларида яратилган ушбу имкониятлар ва тизимли ҳамкорлик аниқ амалий натижаларда ўз ифодасини топди.
Доимий иш ўрнига эга бўлмаган 180 мингдан ортиқ фуқаро сўнгги 8 ой ичида маҳаллабай кўмак тизими орқали мустақил даромад манбасига эга бўлди.
Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар туфайли аҳолини тадбиркорликка жалб этиш фақат молиявий ёрдам билан чекланиб қолмай, ҳар бир хонадоннинг ички имкониятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда. Натижада илгари ўз даромадига эга бўлмаган минглаб оилалар бугун нафақат ўзини, балки қўшниларини ҳам иш билан таъминлайдиган даражага етди.
**Ўз бизнесини бошлаганлар:** яратилган имтиёзлар сабаб “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш” дастури орқали 85 минг киши, тайёр “Лойиҳа пакетлари” кўмагида эса 20 мингдан ортиқ фуқаро ўз ишини йўлга қўйди.
**Аёллар тадбиркорлиги:** “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга 70 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу аёлларнинг жамиятда ва оилада ўз ўрнини топишига берилган манзилли дастакдир.
**Бизнесга илк қадам:** кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 8 ойда 7 трлн сўмдан ортиқ ресурслар йўналтирилиб, минглаб янги тадбиркорлар оёққа турди.
“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили доирасида аҳолига ажратилган ер майдонлари бугун ҳақиқий даромад манбаига айланди. Ҳудудларга бириктирилган 29 нафар малакали агроном деҳқонлар билан ёнма-ён туриб, тўғри экин танлаш ва ҳосилдорликни оширишга кўмаклашди. Натижада 8 ой давомида 19 мингга яқин деҳқон хўжалиги 866 млрд сўмлик маҳсулот етиштириб, ҳар бир оила ўртача 45 млн сўмдан даромад олди.
Ердан унумли фойдаланиш, инновацион усулларни жорий этиш ва экинларни тўғри парваришлаш бўйича кўрсатилган амалий ёрдам деҳқонларимиз меҳнатига барака киритди. Бу эса қишлоқ жойларда меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг ўз мулкига ва ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди.
**Бандихон тумани, “Пахтакор” МФЙ:** Ер ажратилган 157 нафар фуқаро биргина кўкат етиштириш орқали 1-экиндан 56 млн сўмгача даромад қилди.
**Олтинсой тумани, “Бибизайнаб” МФЙ:** 102 та оила 50 гектар майдонда пиёз етиштириб, қисқа фурсатда 70 млн сўмгача соф фойда олишга эришди.
**Дўстлик тумани, “Олтин водий” МФЙ:** 10 нафар маҳалладошимиз ажратилган ерда қовун етиштириб, гектаридан 140 млн сўмгача даромад кўрди.
Шунингдек, етиштирилган маҳсулотни сотиш ва сақлашда муаммо бўлмаслиги учун жами 45,1 млрд сўмлик 102 та қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳалари молиялаштирилмоқда.
Давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар ва манзилли имтиёзлар маҳаллабай тизим орқали бугун минглаб оилаларнинг тақдирини ва ҳаёт даражасини ижобий томонга ўзгартирмоқда.

