Лула да Силва 4-марта Бразилия президенти этиб сайланди
Бразилиянинг амалдаги президенти, 81 ёшли Лула да Силва сайловнинг иккинчи турида ғалаба қозониб, тўртинчи президентлик муддатига қайта сайланди. Унинг рақиби — собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғли Флавиу Болсонару мағлубиятни тан олмади ва сайлов натижаларини бекор қилишни талаб этди.

Лула да Силва Бразилия президенти этиб 4-марта сайланди
Луис Инасиу Лула да Силва Бразилиядаги президентлик сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди, деб хабар берди мамлакат Олий сайлов суди.
81 ёшли Лула да Силва учун бу тўртинчи президентлик муддати бўлади.
Иккинчи тур якунларига кўра, у 51,79 фоиз овоз олди. Унинг рақиби, собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғли сенатор Флавиу Болсонару эса 48,21 фоиз овозга эга бўлди.
Лула да Силва учун 64,2 миллион, Болсонару учун эса 59,8 миллион сайловчи овоз берди. Номзодлар орасидаги тафовут қарийб 4,5 миллион овозни ташкил этди.
Овозлар санаб бўлингач, Болсонару мағлубиятни тан олишдан бош тортди ва Бразилия Олий судининг овоз бериш вақтини икки соатга узайтириш ҳақидаги қарори сабаб сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилди.
Бразилияда сайловнинг биринчи босқичи 2026-йил 4-октабрда ўтказилганди. Унинг натижаларига кўра, президентликка номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз ололмаган. Шу билан бирга, Болсонару қарийб 47 фоиз овоз тўплаб, Луладан икки фоизлик бандга олдинга чиққанди. Бу Бразилия тарихида биринчи турда ютқазган номзоднинг иккинчи турда ғалаба қозониши билан боғлиқ илк ҳолат бўлди.
Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару ҳозир 27 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. 2025-йил сентабрида Олий суд уни бешта жиноятда, жумладан, 2022-йилги сайловдаги мағлубиятдан кейин давлат тўнтаришини уюштириш ва демократик тузумни зўравонлик билан ағдаришга уринишда айбдор деб топган. Болсонару ўз айбини тан олмаган.
Лула да Силва сўл марказчи ва социал-демократик деб қараладиган Меҳнаткашлар партиясидан вакиллик қилади. У Бразилия президенти этиб аввал ҳам уч марта — 2002, 2006 ва 2022-йилларда сайланганди.
Лула да Силва учинчи муддатини бошлаганида, бу унинг охиргиси бўлишига қасам ичганди, деб таъкидланади.
Ҳатто унинг партияси тарафдорлари ҳам дастлабки икки муддатда — 2003-йил январидан 2010-йил декабригача бўлган даврда анча кўпроқ натижаларга эришилганини тан олади.
У Болса Фамíлиа номли тўғридан тўғри нақд пул ёрдами дастури орқали миллионлаб одамларни қашшоқликдан олиб чиққани учун кенг эътироф этилган ва 2011-йил 1-январда лавозимини тарк этаётганда рекорд даражадаги — 80 фоиздан юқори қўллаб-қувватловга эга эди.
Бироқ кейинги йилларда унинг сиёсий фаолияти жиддий синовларга дуч келди: у коррупсияда айбланиб, 18 ойдан ортиқ вақтга қамоққа ташланди, 2019-йил ноябрида эса озодликка чиқди.
2021-йилда бу айбловлар бекор қилинди ва бу Лулага 2022-йилги сайловда президентликка номзодини қўйиш имконини берди; у ушбу сайловда Жаир Болсонару устидан ғалаба қозонди.
У сўл қанот сиёсатида ҳануз таъсирли шахс бўлиб қолмоқда, бироқ тарафдорлари 2022-йилги сайлов олдидан уни тропик ўрмонларни асрашга содиқлиги учун мақтаб, “Амазонканинг халоскори” деб атаган бўлса-да, айрим экологлар унинг сўнгги пайтлардаги баъзи ҳаракатларини танқид қилмоқда.
Хусусан, унинг Амазонка дарёси қуйилиш жойи яқинидаги очиқ денгиз сувларида нефт қидирув бурғилаш ишларини қўллаб-қувватлаши кескин эътирозларга сабаб бўлган.
Лула эса қазилма ёқилғилардан босқичма-босқич бутунлай воз кечиш ниятига содиқлигини таъкидлаб, нефтдан тушадиган даромадлар Бразилиянинг тоза энергияга ўтишини молиялаштиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини айтмоқда.

