Болсонарунинг ўғли Луладан ўзиб кетди: Бразилияда президентлик пойгаси қизиди
Бразилияда президентлик сайловининг биринчи турида собиқ президент Жаир Болсонарунинг катта ўғли Флавиу Болсонару 47,03 фоиз овоз билан олдинга чиқди. Амалдаги президент Луис Инасиу Лула да Силва 45,16 фоиз овоз олди. Номзодларнинг ҳеч бири ғалаба учун зарур чегарадан ўтолмагани сабабли, 25-октабрда иккинчи тур ўтказилади.

Болсонарунинг ўғли Луладан ўзиб кетди: Бразилияда президентлик учун кураш авж олди
Натижаларга кўра, Рио-де-Жанейро штатидан сенатор Флавиу Болсонару амалдаги давлат раҳбарини 1,87 фоиз пунктга ортда қолдирган.
Сайловда қатнашиш даражаси 78,92 фоизни ташкил этди. Биринчи турда ҳеч бир номзод 50 фоиздан ортиқ овоз олмагани сабаб президентлик масаласи такрорий овоз беришда ҳал қилинади.
Бу сафарги беллашув Болсонарулар оиласининг ҳокимиятга қайтиш уринишлари сифатида ҳам баҳоланмоқда. 2022-йилги президентлик сайловининг иккинчи турида Лула да Силва Флавиунинг отаси — ўша пайтдаги президент Жаир Болсонаруни мағлуб этган эди.
Жаир Болсонару ўша пайтда овоз бериш натижаларини тан олмаган, унинг тарафдорлари эса норозилик намойишларига чиққан. Кейинчалик собиқ президент давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Болсонарулар оиласининг яна бир вакили — Эдуарду Болсонару ҳам суд ҳукмига дуч келган. Манбага кўра, Бразилия Олий суди 2026-йил июнида уни тўрт йил-у икки ойга озодликдан маҳрум қилган. Бунга унинг отасига чиқарилган ҳукм сабаб АҚШни Бразилияга қарши санксиялар жорий этишга чақиргани асос бўлган. АҚШда яшаётган Эдуардуга нисбатан иш сиртдан кўриб чиқилган.
Президентлик учун курашаётган 45 ёшли Флавиу Болсонару сайловолди кампаниясида жиноятчиликка қарши курашишни асосий ваъдаларидан бири сифатида илгари сурган. Бироқ унинг ўзи ҳам аввал коррупсия ва маблағларни ноқонуний ўзлаштиришга оид гумонлар билан боғлиқ ишлар марказида бўлган.
Хусусан, 2019-йилда сиёсатчига нисбатан амалда ишламаган, аммо ходимлар рўйхатига киритилган шахслар учун тўловлар олиш ҳамда банк ҳисобварағига шубҳали пул ўтказмалари юзасидан ишлар очилган.
Нашр Флавиунинг номи Бансо Мастер банки атрофидаги можарода ҳам тилга олинаётганини қайд этган. Банк ва унинг йирик аксиядори Даниел Воркару бажариб бўлмайдиган юқори даромад ваъдалари орқали давлат ва хусусий фондлардан ўнлаб миллион доллар инвестиция жалб қилишда гумон қилинмоқда. Тергов эҳтимолий молиявий пирамидага оид ҳолатларни ўрганмоқда.
Воркару Жаир Болсонару ҳақидаги «Қора от» биографик филмининг продюсерларидан бири сифатида ҳам танилган. ОАВда унинг Флавиу Болсонару билан ёзишмалари эълон қилинган. Нашр талқинича, бу ёзишмалар сиёсатчининг эҳтимолий схема ҳақида хабардор бўлгани ва унга кўмаклашгани ҳақида саволлар туғдиради. Бироқ келтирилган маълумотлар Флавиунинг мазкур иш бўйича айби судда исботланганини англатмайди.

