«Лондондаги уй-жой инқирозини енгиш учун ўз уйимни ўзим қурдим»
Лондондаги одамлар янги кўникмаларни ўрганиб ва барқарорликка эришиб, қандай қилиб ўз уйларини қуришга қарор қилишгани ҳақида.

«Лондондаги уй-жой инқирозини енгиш учун ўз уйимни ўзим қурдим»
Тим Ошоди 1990-йилларда қора танлилар бошчилигидаги уй-жой кооперативи таркибида Люишемда қурилган 13 та уйдан бирини барпо этган
Пойтахтда ҳамёнбоп уй топиш жуда қийин, шу боис уй-жой сотиб олишга қурби етмаётган ёки ижара ҳақини тўлашга қийналаётган ҳар бир киши учун ўз уйини ўзи қуриш жозибадор вариант бўлиб туюлиши мумкин.
1990-йилларда Лондонда айрим уй-жой кооперативлари ижтимоий уйлардан иборат бутун бошли кўчаларни барпо этишди ва бу жараёнда бир-бирларига билим ва қурилиш кўникмаларини улашишди.
Аммо 30 йил ўтиб, бугунги куннинг янада қатъий қурилиш қоидаларига риоя қилган ҳолда, ушбу модел ҳали ҳам самарали ишлай оладими?
Тим Ошоди Люишемда ўзи қурган, катта боғли икки хонали уйда яшайди.
Бу радикал архитектор Вальтер Сегал услубидаги ёғоч каркасли уй бўлиб, маҳаллий кенгаш томонидан тарихан оддий уй-жой қурилиши учун яроқсиз деб белгиланган ерда жойлашган.
Ошоди Лондондаги қора танлилар бошчилигидаги биринчи уй-жой кооперативи — «Fusions Jameen»нинг аъзоси бўлган. Ушбу кооператив бундан қарийб 30 йил аввал Нубиа Уэйда (Nubia Way) 13 та ижтимоий уйни ўз кучи билан қурган бўлиб, уларнинг ҳар бири кафолатланган ижара муддати ва ижара ҳақидан 30 фоизлик чегирмага эга эди.
«Уй-жойга эга бўлиш учун биз қора танлилар бошчилигидаги ўз кооперативимизни ташкил қилишимиз керак эди», деб тушунтирди Тим.
Нубиа Уэйдаги ўз кучи билан қурилган, ҳар бири ўт билан қопланган томга эга 13 та ёғоч уй атрофдаги табиий муҳит билан уйғунлашиб кетиш учун лойиҳалаштирилган эди
Уйлар 1994 ва 1997 йиллар оралиғида, кооператив ривожланиши учун «Chisel Housing Association» томонидан сотиб олинган фойдаланилмайдиган гараж майдонида қурилган.
Шундан сўнг, уй-жой кооперативи африкалик/кариб ҳавзасидан бўлганларга, Люишем аҳолисига ва уй-жойга муҳтож бўлган ҳар бир кишига устуворлик берган ҳолда, одамларни ҳамкорликка чақирди.
Улар у ерда ўзларининг ижтимоий уйларини қуришга таклиф қилинди: муносиб яшаш жойи эвазига бепул меҳнат.
Дастлаб юзлаб одамлар ўз уйларини қуриш учун рўйхатдан ўтишди, бироқ лойиҳани уч йил давомида якунлаш учун ҳафтасига 24 соат вақт ажратиш талаби кўпчиликнинг кетиб қолишига сабаб бўлди. Натижада ишни давом эттириш учун тажрибасиз, лекин фидойи одамлардан иборат анча кичик гуруҳ қолди.
«Ҳозир бундан фойдаланилмайди, лекин биз устун ва тўсинли усулдан фойдаланганмиз. Каркасларни ерда ясаб, кейин уларни юқорига кўтарардинг. Бу биринчи марта қурилиш қилаётганлар учун осонроқ эди», деди Тим.
Нубиа Уэйдаги қурувчилар радикал архитектор Вальтер Сегал услубидаги устун ва тўсинли усулдан фойдаланишган
Қурилиш давомида улар маҳаллий аҳоли томонидан адоват ва ирқчиликка дуч келишди.
1993 йилда қора танли ўсмир Стивен Лоуренс яқин атрофдаги Элтемда ирқчилик ҳужуми оқибатида ўлдирилди.
Уйларга ўт қўйиб юборилишининг олдини олиш учун қурувчилар тунда ҳудудни қўриқлашларига тўғри келди.
1990-йилларда Лондондаги ирқчиликка қарши намойишчилар
«Бизни оқ танли ишчилар синфининг уйларини тортиб олаётган африкалик қочқинлар деган миш-мишлар юрарди», деди Ошоди.
«Аммо биз Баттерсидан, Пекхемдан келган қочқинлар эдик», деб тушунтирди у.
Қийинчиликларга қарамай, уйлар ниҳоят муваффақиятли қуриб битказилди ва 30 йил ўтиб, бугунги кунда Нубиа Уэйда турли миллат ва элатларга мансуб аҳил жамоа яшамоқда.
Нубиа Уэй лойиҳасининг муваффақияти бошқаларни ҳам шунга ўхшаш ўз уйларини қуришга илҳомлантирди.
1990-йилларнинг охирида ёлғиз она Шармейн МакНэлли икки ўғли ва бир қизи билан Люишемдаги кўп қаватли уйнинг икки хонали квартирасида яшарди, уларнинг барчаси бир хонани баҳам кўришарди.
Шармейн беш хонали ёғоч каркасли уй қурди
Кунлардан бир кун уй-жой идорасида бўлганида, у «South London Family Housing Association» (SLFHA) томонидан чиқарилган ўз уйингни ўзинг қуриш ҳақидаги варақани кўриб қолди.
«Менга бошқа блокдан квартира таклиф қилишганди, лекин у ҳозирги уйимдан катта бўлмагани учун рад этгандим ва шу сабабли рўйхатдан чиқарилгандим», дейди у.
«Йиғилишлардан бирида Тим (Ошоди)нинг ўз кучи билан қурилиш қилиш ҳақида гапираётганини кўрдим».
У қўшилишга қарор қилди.
«Чорасиз эдим. Бошқа иложим йўқ эди. Иложинг бўлмаганда эса, буни уддалашинг керак».
Уч йил давомида у Чинбрук парки яқинида, аёллар бошчилигидаги қурилиш лойиҳасида ҳозирги беш хонали уйини қуриб битказди.
Мидоу Лейндаги (Meadow Lane) 14 та уй ижара ҳақини 10 фоизга камайтириш ва кафолатланган ижара муддати эвазига қурилган.
Бу тажрибадан куч олган ва кўпроқ иш қилишга интилган МакНэлли фақат аёллардан иборат муваффақиятли қурилиш ва таъмирлаш компаниясига асос солди. У ерда асосан Мидоу Лейндаги қурилиш майдончасида ишлаган аёлларни иш билан таъминлади.
Онасининг ютуқларидан илҳомланган ўғли ҳам кейинчалик ўз уйини қурди ва шахсий қурилиш фирмасини ташкил этди.
Шармейн қурилишда бошидан охиригача қатнашди ва ҳатто тажриба орттириш учун бошқа майдончаларда ҳам ёрдам берди
Йиллар ўтиб, МакНэлли ниҳоят ўзи қурган уйни сотиб олишга муваффақ бўлди.
Лойиҳа ҳақида қандай фикрда экани сўралганда, у шундай деди: «Ўзим билан фахрланаман, чунки менга бу шунчаки берилмади. Мен бунга меҳнатим билан эришдим ва бунга лойиқман».
Левент Керимол — «Community Led Homes» ижтимоий корхонаси директори.
У жамоавий ўз кучи билан қуриладиган уйлар кўпайишини истайди, бироқ Буюк Британияда тобора қатъийлашиб бораётган қурилиш қоидалари туфайли ўз уйини қуриш ҳали ҳам жуда қийин деб ҳисоблайди.
«Ҳозирги кунда қурилиш қоидалари, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, суғурта ҳамда молиялаштирувчиларнинг талаблари туфайли қурилиш анча мураккаблашди. Бу эса, айниқса, давлат маблағлари ҳисобидан бундай мустақил қурилишни амалга оширишни жуда қийинлаштиради».
Унинг сўзларига кўра, Лондонда кооператив ва жамоавий бошқариладиган уй-жойлар йилига уй-жой бозорининг тахминан 0,1 фоизини ташкил қилади. Ваҳоланки, бу кўрсаткич кўплаб Европа шаҳарларида анча юқори: Берлинда тахминан 11%, Цюрихда 20%, Венада 50% гача бўлиб, Барселона ва Амстердамда ҳам бу ҳаракат кенгайиб бормоқда.
«Бироқ буни амалга ошириш ҳали ҳам жуда қийин ва муваффақият кафолатисиз кўп йиллар талаб қилиши мумкин», дея қўшимча қилди Керимол.
«Бу биз жамоавий мулкчилик орқали ҳал қилмоқчи бўлган масаладир. Бу одамларга ўзлари қўшнилари билан биргаликда уй эгаси сифатида назорат қиладиган барқарор, ҳамёнбоп уйларга кўчиб ўтишларини осонлаштиради».
«Naked House» (Яланғоч уй) лойиҳаси яна бир муқобил вариантдир.
Бу ўз кучи билан қуриш эмас, балки буюртма асосида қуришдир, яъни уйнинг асосий каркаси сиз учун тайёрлаб берилади, харидорлар эса пол, девор ва ташқи плиткаларни қўшиш орқали уйни ўзларига мослаштиришлари мумкин.
Бу уйлар ижтимоий эмас, балки хусусийдир, лекин улар ҳамёнбоп бўлиши учун лойиҳалаштирилган бўлиб, мулк ҳуқуқи бозор нархидан 20 фоиз паст нархда сотилади.
«Бошланғич нархлар 235 000 фунт стерлингни ташкил этади. Каттароқ уйлар тахминан 330 000 фунт стерлингга тушади, бу кўпдек туюлиши мумкин, лекин иккита даромад манбаига эга оила учун ҳамёнбопдир», деди «Naked House» нотижорат жамоат қурилиш ташкилоти асосчиларидан бири Саймон Шуффо.
«Naked House» ҳаммуассиси Саймон Шуффо ўзи яшай оладиган уй қурмоқчи эди
«У жуда оддий кўринишга эга, шунинг учун одамларда уйни ўз дидларига кўра безатиш учун катта имконият бор».
«Naked House» лойиҳасини бошлаш учун йиллар керак бўлди. Бу шунчалик узоқ давом этдики, Шуффо ва унинг дўстлари қурилиш бошланишидан олдин Лондон ташқарисидан уй сотиб олишга мажбур бўлишди, ваҳоланки дастлабки режа ўзлари яшайдиган уйларни қуриш эди.
«Naked Build» майдончасидаги қурувчилар, хайриятки, тўлиқ кийинган
«Биз илдиз отган жамоаларимиздан нархлар қимматлиги сабабли сиқиб чиқарилаётган эдик», деб тушунтирди у.
«Жамоа ва барқарорлик — одамлар уй-жойдан айнан шуни хоҳлашади», деб ҳисоблайди Шуффо. «Баъзида йирик уй қурувчилар буни унутиб қўйишади».

