Ли 9 ва БЙД тўқнашуви: ЙТҲдан кўра суди кўпроқ шов-шув бўлган ишда суд қарори эълон қилинди
Мирзо Улуғбек туманида тўқнашган БЙД ва Лихианг Л9 иши бўйича суд қарори эълон қилинди. Мазкур иш бўйича дастлабки суд БЙД машинаси ҳайдовчиси зиммасига 798 млн сўм моддий зарарни юклаб қўйди, апелляция суди ушбу қарорни бекор қилиб, ишни суриштирувга қайтариб юборганди.

Ли 9 ва БЙД тўқнашуви: ЙТҲдан ҳам кўпроқ шов-шувга сабаб бўлган иш бўйича суд қарори чиқди
ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида 2025-йил сентабр ойида юз берган Ли 9 ва БЙД тўқнашуви юзасидан суд қарори эълон қилинди.
Суд қарорига кўра, Ли 9 ҳайдовчиси 26 ёшли Ф.Ж. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган:
128-3-моддаси 4-қисми
– транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши;
133-моддаси
– транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
135-1-моддаси 1-қисми
– транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш.
Унга узил-кесил 6 млн 180 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Ҳуқуқбузар томонидан жабрланувчига етказилган моддий зарар қопланганлиги қайд этилган.
Шунингдек, манфаатдор томонга мазкур ЙТҲ оқибатида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда тарафларга суд қарорига нисбатан шикоят бериш тартиби ва муддатлари тушунтирилган.
2025-йил 30-сентабр куни Мирзо Улуғбек туманида БЙД ва Лихианг Л9 автомобиллари бир-бирига тўқнашиб, ЙТҲ юз берганди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларда ЙТҲ оқибатида Ли 9 автомобили парчаланиб кетгани акс этган.
Мазкур ЙТҲ билан боғлиқ маъмурий иш ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилган. Суднинг 2025-йил 23-декабрдаги қарорида айтилишича, БЙД бошқарувидаги Д.Р. ўз ҳаракат йўналишини ўнгдан чапга ўзгартираётган пайтда Ф.Ж. бошқарувидаги Ли 9 автомобили билан тўқнашув содир этган.

