Латвияда ҳакерлар 1,2 млн аҳолининг маълумотларини ўғирлади

Латвияда киберҳужум натижасида 1,2 миллион аҳоли ва 200 минг корхонага оид маълумотлар ўғирланди. Бу ҳақда Латвия Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий бошқармаси (ССДД) ва киберхавфсизлик бўйича CERT.LV ташкилоти хабар берди.
Ҳакерлик ҳужумлари 8-10-август кунлари содир бўлган. Латвия аҳолиси қарийб 1,9 миллион кишини ташкил этганлиги сабабли, бу киберҳужумдан фуқароларнинг катта қисми жабр кўрган. Ўғирланган маълумотлар 2008-йилдан буён тўлов квитансияларида сақланиб келган.
Ҳакерлар қуйидаги маълумотларга эга бўлишган:
* Фуқаронинг исм-фамилияси ёки компания номи;
* Шахсий идентификация рақами ёки компаниянинг рўйхатдан ўтиш рақами;
* Автомобил рақами;
* Рўйхатдан ўтган манзил;
* Тўлов санаси ва суммаси.
Расмийлар аҳолини ССДД ёки бошқа идоралар номидан келган хабарлар, электрон мактублар ва телефон қўнғироқларига нисбатан ҳушёр бўлишга чақирмоқда. Фуқароларга хабар мазмунига, тил ва имло сифатига, айниқса, исмлар ва манзилларнинг тўғри ёзилганига эътибор қаратиш тавсия этилади. Шунингдек, шубҳали хабарлар ва электрон мактублардаги ҳаволаларни очмаслик қатъий сўралади.
Ҳужум натижасида Латвия аҳолисининг алоқа маълумотлари сизиб чиқмаган ва ССДД ишига зарар етмаган. Полиция икки модда бўйича жиноий иш қўзғатган: "маълумотларни қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизимига ўзбошимчалик билан кириш" ва "маълумотларни қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизими ресурсларига таъсир этувчи қурилмалардан фойдаланган ҳолда ноқонуний ҳаракатлар содир этиш".
Ўғирланган маълумотлар ҳозирча ҳеч қаерда тарқалмаган, ҳакерларнинг мақсади номаълум. Латвия бош вазири Андрис Кулбергс бу "Латвияга дўст бўлмаган мамлакат махсус хизматлари томонидан амалга оширилган гибрид ҳужум эҳтимоли" эканини истисно этмаяпти.
Аввалроқ, 41 мингга яқин аҳоли яшайдиган Лихтенштейнда 31 минг кишининг шахсий маълумотлари ўғирланган эди. Номаълум шахслар компаниялар, жамғармалар ва трастлар вакилларига оид маълумотлар сақланадиган "Иқтисодий ваколатли шахслар реестри" (ВвбП) тизимига бузиб кирган. LLV.li сайтида жойлашган реестр ҳозирда "техник хизмат кўрсатиш ишлари" сабабли фойдаланувчилар учун ёпиқ.

