15 млн Қозоғистон фуқаросининг маълумоти даркнетда сиздирилгани ҳақида хабар тарқалди

Қозоғистоннинг 15 миллион фуқаросига оид маълумотлар даркнетда тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ушбу ҳолатга Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги муносабат билдирди.
Тарқалган хабарларга кўра, номаълум ҳакер қозоғистонликларнинг шахсий маълумотларини даркнетда сотувга қўйган. Даркнетга жойлаштирилган файлнинг ҳажми тахминан 2,7 гигабайтни ташкил этиб, ундаги ёзувлар сони 47 миллион қаторга етади.
Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, маълумотлар базаси 0,5 биткоин, яъни тахминан 32 минг долларга баҳоланган. Ушбу маълумотлар тўпламида фуқароларнинг паспорт маълумотлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, иш жойи ҳақидаги маълумотлар, ҳужжатларнинг сканерланган нусхалари ва пароллар каби шахсий ва алоқа маълумотлари мавжудлиги айтилмоқда.
Ҳакер бу маълумотларни эГов порталига бузиб кириш орқали қўлга киритганини даъво қилган. Вазирлик ҳозирда тегишли хизматлар билан биргаликда техник текширув ўтказаётганини маълум қилди. Текширув доирасида маълумотлар намунаси таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш манбаси аниқланади.
Вазирликнинг хабарида айтилишича, "Айни пайтда электрон ҳукумат ахборот тизимларига бузиб кирилгани ва маълумотлар бевосита эГовъдан олингани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ".
Шунингдек, тарқалган маълумотларнинг бир қисми электрон ҳукумат портали тузилмаси ва форматига мос келмаслиги қайд этилди.
"Хусусан, эГовъда паспортларнинг сканер-нусхалари даъво қилинган шаклда сақланмайди, рақамли ҳужжатлар эса бошқа форматда бўлади. Даркнет фойдаланувчиси томонидан маълумотлар базасининг келиб чиқиши ҳақидаги баёноти эГов тизими бузилганининг тасдиғи сифатида қаралиши мумкин эмас", — дея таъкидлади идора.
Техник текширув давом этмоқда ва унинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда. Вазирлик фуқароларга рақамли хавфсизликнинг асосий чораларига риоя қилишни тавсия қилди: СМС-кодлар, пароллар ва ЭРИ маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик ҳамда турли хизматлар учун турли пароллардан фойдаланиш зарур.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида Ўзбекистоннинг тўртта ташкилоти ахборот тизимлари киберҳужумга учрагани ва бунинг оқибатда 15 миллионга яқин фуқаронинг маълумотлари сизиб чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўшанда Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 15 миллион фуқаронинг маълумотлари эмас, балки 60 мингга яқин уникал ёзув тарқалганини таъкидлаганди.

