Курд кучлари Сурия армияси таркибига қўшилади
Сурияда курдларнинг фуқаролик ва ҳарбий институтлари мамлакатнинг янгиланаётган давлат тузилмаларига интеграция қилинмоқда. «Сурия демократик кучлари» (СДФ) раҳбари Мазлум Абди курд қуролли тузилмалари тарқатиб юборилиши, уларнинг жангчилари эса Сурия армияси бригадалари таркибига қўшилишини маълум қилди.

Курд кучлари Сурия армияси таркибига қўшилади. Бу ҳақда Мазлум Абди 25-август куни Дамашқда Сурия муваққат ҳукумати вакиллари билан музокаралар чоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, курд автоном маъмуриятининг фуқаролик ва ҳарбий институтлари Суриянинг ислоҳ қилинаётган давлат институтларига интеграция қилинади. Шу муносабат билан курдларнинг мустақил қуролли тузилмалари фаолияти тугатилади.
Суриянинг САНА ахборот агентлиги Абдига таяниб хабар беришича, мамлакатнинг янги ҳукумати курд тилини мактабларда ўқитиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Курд қуролли тузилмалари аъзолари эса Сурия армиясининг бригадалари таркибига киритилади.
Абди бу жараён "тинчлик, барқарорлик ва янги Сурияни барпо этиш"га хизмат қилишини таъкидлаган.
Шу куни Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ҳам Мазлум Абди бощилигидаги делегацияни Дамашқдаги Халқ саройида қабул қилган. Учрашувда курдларни мамлакат давлат тизимига интеграция қилиш билан боғлиқ ҳал этилмай қолган масалалар муҳокама қилинган.
Суриянинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудларида, Туркия ва Ироқ билан чегарадош минтақаларда курдлар катта жамоа бўлиб яшайди. Бу ерларда, шунингдек, араблар, ассурийлар, туркманлар ва бошқа этник гуруҳлар ҳам истиқомат қилади.
Суриядаги узоқ давом этган фуқаролик уруши йилларида мамлакатнинг шимоли ва шимоли-шарқидаги бир қатор ҳудудлар амалда курд автономиясига айланган. Бу ҳудуд Рожава ёки Сурия Курдистони номи билан ҳам танилган.
Маҳаллий қуролли кучлар кейинчалик "Сурия демократик кучлари" алянсига бирлашган. Маълумотларга кўра, 2024-йилда СДФ сафида 100 минггача жангчи бўлган ва у мамлакатдаги энг йирик қуролли тузилмалардан бири ҳисобланган.
Курд кучлари Суриядаги уруш давомида ИШИД террорчилик ташкилотига, шунингдек, Башар Асад ҳукумати кучларига қарши жанг қилган. Бироқ Асад ҳокимиятининг ағдарилишида СДФ мустақил йирик ҳарбий куч сифатида бевосита иштирок этмаган.
Башар Асад ҳукумати қулаганидан сўнг СДФ ҳокимиятнинг муваққат ҳукуматга ўтишини қўллаб-қувватлаган, бироқ курд автономиясини сақлаб қолишни талаб қилган.

