Кореядаги ватандошлар учун 3 йиллик дастур ва президент стипендияси жорий этилади
Шавкат Мирзиёев Кореядаги ватандошлар билан учрашувда улар учун янги уч йиллик дастур ишлаб чиқилишини маълум қилди. Шунингдек, ъЕл-юрт умидиъ жамғармаси орқали ёшларни Кореянинг етакчи олийгоҳларида 6 ой давомида янги касбга ўқитиш ва таълим харажатларини қоплаш режалаштирилмоқда.

Кореядаги ватандошлар учун 3 йиллик дастур ва президент стипендияси жорий этилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашувда улар учун янги уч йиллик дастур йўлга қўйилишини маълум қилди. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сараланган ёшларга Кореянинг етакчи олийгоҳларида 6 ой давомида янги касб ўрганиш ва ўқиш харажатларини тўлиқ қоплаш таклиф этилди.
Давлат раҳбари учрашувда Корея Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор эканини таъкидлаб, икки мамлакат ўртасида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этди.
“Корея билан болаларимизни олиб келиб ишлатиш, болаларимизни ўқитишимиз бўйича янги уч йиллик дастур қиламиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг айтишича, мазкур дастур, аввало, ёшларни касбга ўқитиш, улар учун янги имкониятлар очиш ва Корея тажрибасини самарали ўзлаштиришга қаратилган бўлади.
У бу борада олий таълим муассасаларида ҳам касбга йўналтиришни кучайтириш бўйича топшириқ берилаётганини билдирди.
Шавкат Мирзиёев республикадаги олийгоҳ ректорларига талабаларни дарсдан кейин касбга ўргатиш бўйича топшириқ берилаётганини маълум қилди.
“Соат учгача ўзинг дарсингни берасан, учдан кейин болаларимни касбга ўргатасан, деяпман. Касби бўлган одам ҳеч қачон хор бўлмайди”, — деди у.
Президент, шунингдек, Кореяда таҳсил олаётган ва ҳозирги ўқишидан тўлиқ қониқмаётган ёшлар учун янги имконият яратилишини айтди.
Унинг маълум қилишича, бир ой ичида президент ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари Кореяга бориб, ватандошлар билан учрашади. Шундан сўнг муносиб номзодларга Кореянинг энг яхши олийгоҳларида 6 ой давомида янги касб бўйича ўқиш учун Президент стипендияси ажратилади ва таълим харажатлари қоплаб берилади.
“Олти ойга энг зўр Корея олийгоҳига стипендиясини ҳам, ўқишини ҳам тўлаб, янги касбга ўқитишга Корея тажрибаси қилмоқчиман”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу тажриба кейинчалик бошқа давлатларда ҳам қўлланишини билдирди.
“Янги қарор қабул қиламан борганимдан кейин, Корея тажрибаси қиламиз, бошқа давлатларга ҳам, лекин сизларнинг тажрибаларингиз асосида бўлади”, — деди президент.
Учрашувда ёшларнинг ютуқлари ва миллий ғурур масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Президент буюк аждодларнинг илмий кашфиётлари билан фахрланиш муҳимлигини қайд этар экан, замонавий Ўзбекистон ёшларининг спорт, шахмат, фан ва бошқа соҳалардаги ютуқлари ҳам мамлакатнинг янги қиёфасини намоён этиши кераклигини таъкидлади.
У жумладан, шахмат бўйича Жавоҳир Синдаров ва футболдаги ёшларнинг муваффақиятларини мисол қилиб келтирди.
“Янги Ўзбекистоннинг кашфиётини, Жавоҳир Синдаровга ўхшаган болаларим, мана футбол бўйича болаларим, мана шахмат бўйича бошланяпти, ёшларимизни дунёга танитиш учун ҳаракат қиламиз”, — деди президент.
Шавкат Мирзиёев Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларга мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
“Сизлар бошқаларга нисбатан ўзларингизни маданиятларингиз билан, билимларингиз билан, интилишларингиз билан ўрнак бўлиб юрган фарзандларимсизлар”, — деди давлат раҳбари.
Президент учрашув якунида ватандошларнинг таклифлари ўрганилиши ва улар асосида тегишли қарорлар қабул қилинишини билдирди.

