Дунё

Кобулдаги хусусий мактабда портлаш юз берди (видео)

Кобулда хусусий мактабда портлаш содир бўлди: болалар жароҳатланди

Афғонистон пойтахти Кобулнинг ғарбий қисмида жойлашган хусусий мактабда 17-август куни портлаш юз берди. Тиббиёт манбаларининг хабар беришича, ҳодиса ўқувчилар дарсдан чиқаётган вақтда содир бўлган ва бир нечта ўқувчи, асосан, болалар жароҳатланган. Бу ҳақда Кабул Нов нашри маълум қилди.

Манбаларга кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 16:30 атрофида Кобулнинг 13-ҳудудидаги Дашти Барчи туманида жойлашган “Шамси Ҳидоят” хусусий мактабида рўй берган.

Кабул Нов нашрига тиббиёт манбасининг маълум қилишича, ўқувчилар дарсдан чиққанида мактаб қаршисидаги кўчадан бино ҳовлисига граната улоқтирилган. Манба портлаш оқибатида талафотлар борлигини тасдиқлаган, аммо аниқ сони ошкор этилмаган. Жабрланганларнинг аксарияти ёш болалар бўлиб, улар орасида ҳам ўғил, ҳам қиз болалар бор.

Бир нечта яраланган ўқувчилар шифохоналарга етказилган. Уларнинг жароҳат даражаси ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Нашр қўлга киритган видеотасвирларда тез ёрдам машиналари воқеа жойида тургани ва жароҳатланганларни олиб кетаётгани акс этган.

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. “Толибон” расмийлари ҳам ҳолат бўйича изоҳ бермади. Ҳодиса содир бўлган Дашти Барчи ҳудудида асосан афғонистонлик шиа-ҳазоралар жамоаси истиқомат қилади. Бу ҳудуд бир неча бор жангари гуруҳлар, айниқса, ИШИД (ИШИД-Хуросон) томонидан нишонга олинган.

ИШИД сўнгги йилларда Кобул ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудларида тинч аҳоли вакиллари бўлган ҳазораларга қарши бир қатор қонли ҳужумларни амалга оширган. Ташкилот шу пайтгача мактаблар, шифохоналар, жамоат транспорти, масжидлар ва спорт залларини нишонга олиб келади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Аввалроқ БМТ мамлакатдаги ҳукумат беш йиллиги муносабати билан ҳисобот эълон қилиб, “Толибон” Афғонистонда террорчилик хавфини жиловлай олмагани ҳақида маълум қилганди. Унда, хусусан, ИШИД-Хуросон мамлакатда ўз кучини қайта тиклаётгани айтилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.