Кўллар сони бўйича дунё давлатлари рейтинги тузилди
Дунёдаги кўллар сони бўйича Канада мутлақ етакчи бўлиб, мамлакат ҳудудида қарийб 1,4 миллион кўл жойлашган. Бу кўрсаткич рейтингдаги бошқа давлатлар натижасидан бир неча баробар юқори.

Кўллар сони бўйича дунё давлатлари рейтинги эълон қилинди
ҲйдроЛАКЕС маълумотлари асосида тузилган рейтингда майдони камида 0,1 квадрат километр бўлган табиий кўллар инобатга олинган.
Сув омборлари ҳамда оқими инсон томонидан бошқариладиган кўллар статистикага киритилмаган. Чегарадош кўллар эса улардан сув оқиб чиқадиган давлат ҳисобига ёзилган.
Рейтингда Канададан кейин Россия жой олган — мамлакатда 201 240 та кўл бор. Учинчи ўринни 102 519 та кўл билан АҚШ эгаллаган. Хитойда эса 23 751 та кўл қайд этилган ва у тўртинчи поғонада.
Канада, Россия ва АҚШнинг ўзи ушбу маълумотлар базасига киритилган 1,42 миллиондан ортиқ кўлнинг 83 фоиздан кўпроғига тўғри келади.
Бироқ кўллар сони улар эгаллаган умумий майдон ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Масалан, Канада кўлларининг умумий майдони тахминан 812,7 минг квадрат километрни ташкил эца, Россияда бу кўрсаткич қарийб 622,6 минг квадрат километрга тенг.
Статистикада кўл деб ҳисобланадиган сув ҳавзасининг минимал майдони ҳам натижага сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, Финляндияда майдони камида 0,0005 квадрат километр бўлган қарийб 168 мингта кўл мавжуд. Аммо ҲйдроЛАКЕС рейтингидаги 0,1 квадрат километрлик мезон қўлланганда, уларнинг сони 7 898 тагача тушади.
Канада ва Россияда кўлларнинг шу қадар кўплиги, аввало, уларнинг шимолий географик жойлашуви ва қадимги музлик даврлари билан боғлиқ. Минглаб йиллар давомида улкан муз қатламлари шимолий ҳудудлар рельефини қайта-қайта ўзгартирган. Музликлар чекингач, улар ҳосил қилган пастлик ва чуқурликларда сув тўпланиб, минглаб кўллар шаклланган.
Россияда дунёдаги энг ноёб чучук сув ҳавзаларидан бири — Байкал кўли ҳам жойлашган. У дунёдаги энг чуқур кўл ҳисобланади. Манбага кўра, Байкал сувларида сайёрадаги музламаган чучук сув захираларининг қарийб 20 фоизи мужассам.
Шу тариқа, бугунги кунда кўллар энг кўп жамланган ҳудудлар харитаси кўп жиҳатдан қадимги музликлар ҳаракатланган ҳудудлар билан мос келади. Бир вақтлар улкан муз қатламлари қоплаб турган ерларда ҳозир ўн минглаб, айрим мамлакатларда эса юз минглаб ва миллиондан ортиқ кўллар мавжуд.

