Дунё

Киев Патриот ракеталарини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президенти Доналд Трамп Киевга Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар ишлаб чиқариш лицензияларини бериш бўйича якуний қарор қабул қилганини билдирди. Унинг айтишича, Украинада ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга тахминан бир ярим йил кетиши мумкин.

Киев Патриот ракеталарини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

АФП агентлиги 25-сентабр куни Зеленскийнинг журналистлар билан онлайн суҳбатига таянган ҳолда хабар беришича, бу масала Ню-Ёркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Трамп билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган.

Зеленскийнинг айтишича, томонлар аниқ келишувларга эришган. Трамп сўнгги учрашувда якуний қарор қабул қилганини ва Украина Патриот ракеталарини ишлаб чиқариш учун лицензиялар олишини таъкидлаган. Украина раҳбари келишувнинг бошқа тафсилотларини ошкор қилмаган.

Июл ойида ҳам Вашингтон Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиясини беришга рози бўлгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Ўшанда украиналик юқори мартабали амалдорлар томонлар келишувни амалга ошириш босқичига ўтишга тайёрлигини билдирган.

Бироқ кўп ўтмай лицензия бериш масаласи яна ноаниқ бўлиб қолган. Трамп ўзининг устувор вазифаси ракеталар эмас, балки Россия бошлаган урушни тугатиш эканини айтган.

Сентабр бошида АҚШ давлат котиби Марко Рубио лицензия бериш бўйича музокаралар қайта бошланганини тасдиқлаган. Зеленский эса лицензия олинган тақдирда ҳам Украина ҳудудида ракеталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тахминан бир ярим йил керак бўлишини қайд этган.

«Суспілне» медиакомпаниясининг Украина президенти офисидаги манбаларига кўра, Киев ПАС-2 ва ПАС-3 ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича музокара олиб бормоқда.

ПАС-3 нишонни бевосита уриб йўқ қилишга асосланган кинетик усулдан фойдаланади. У Россия Украинага қарши қўллаётган баллистик ракеталарни уриб тушира оладиган қуроллардан бири ҳисобланади.

ПАС-2 эса жанговар каллак билан жиҳозланган бўлиб, баллистик нишонни унинг яқинида портлаш орқали зарарсизлантиради.

АФП қайд этишича, Патриот тизимлари Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Бироқ мамлакатда ҳам ушбу мажмуалар, ҳам тутувчи ракеталар етишмайди. Агентлик АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши жаҳонда бу ракеталар тақчиллигини янада кучайтирганини ёзган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.