Кинематография агентлиги тугатилиб, тизим Маданият вазирлигига ўтказилади
Ўзбекистон Кинематография агентлиги, унинг 19 та ташкилоти ва Кинематография жамғармаси тугатилиб, соҳа бошқаруви Маданият вазирлигига ўтказилади, деди президент. Вазирлик ҳузурида янги Кино санъати департаменти ташкил этилиб, унинг раҳбари вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Кинематография агентлиги тугатилиб, тизим Маданият вазирлигига ўтказилади
Ўзбекистон Кинематография агентлиги, унинг тизимидаги 19 та ташкилот ҳамда Кинематография жамғармаси тугатилади. Кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати эса Маданият вазирлигига берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 26 октбяр куни “Ренессанс” кино уйида киноижодкорлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, соҳада биринчи навбатда ихчам ва замонавий бошқарув йўлга қўйилади. Кинематография агентлиги фаолияти самарадорлигининг асосий мезонлари суратга олинаётган филмларнинг оммабоплиги ёки томошабинлар эътирофи эмас, балки фақат тасдиқланган режани бажаришдан иборат бўлиб қолгани аниқланган.
Шунингдек, филмларнинг маркетинги, дистрибуцияси ва халқаро сотуви бўйича яхлит тизим шакллантирилмаган.
Эндиликда Маданият вазирлиги тузилмасида Кино санъати департаменти ташкил этилади ва ушбу департамент раҳбарининг мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Шунингдек, вазирлик муассислигида янги “Ўзбекфилм” миллий кинокомпанияси ташкил этилиб, у соҳадаги бош оператор этиб белгиланади.
Агентлик ва унинг тизимидаги тузилмалар тугатилиши ортидан бўшаб қолган давлат бинолари ва активлар очиқ ауксион орқали сотувга чиқарилади.
Масъулларга Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатишни таъминлаш ҳамда янги ташкил этилаётган Кино санъати департаменти фаолиятини самарали йўлга қўйиш ишларини бир ой муддатда якунлаш топширилди.

