Кегейлида иссиқхона мажмуаси 50 та оилани доимий иш билан таъминлади
Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида иссиқхона мажмуаси ишга туширилди, бунинг шарофати билан Ижтимоий реестрдаги 50 та оила доимий иш ўрнига эга бўлди. Мажмуа фаолияти билан Президент Шавкат Мирзиёев танишди. Майдони 5 гектар бўлган иссиқхона мажмуасини ташкил этишга 12,5 млрд сўм имтиёзли маблағ йўналтирилди. Лойиҳада иштирок этаётган ҳар бир оилага 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратиб берилди. Икки йил давомида бириктирилган тадбиркор […]

Кегейлида иссиқхона мажмуаси 50 та оилани доимий иш билан таъминлади
Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида иссиқхона мажмуаси иш бошлади, бунинг шарофати билан Ижтимоий реестрдаги 50 та оила доимий иш ўрнига эга бўлди. Мажмуа фаолияти билан Президент Шавкат Мирзиёев танишди.
Майдони 5 гектар бўлган иссиқхона мажмуасини қуришга 12,5 млрд сўм имтиёзли маблағ йўналтирилди. Лойиҳада иштирок этаётган ҳар бир оилага 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратилди.
Икки йил давомида мажмуага лойиҳа етакчиси сифатида бириктирилган тадбиркор иштирокчиларга иссиқхона хўжалигининг замонавий усулларини ўргатади ва уларга амалий кўникмаларни эгаллашда ёрдам беради. Келгусида оилалар ўз томорқаларида шахсий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишлари мумкин бўлади.
Тадбиркор етиштирилган маҳсулотни иштирокчилардан бозор нархларида сотиб олиш мажбуриятини олади.
Мажмуа негизида, шунингдек, ҳар йили 1 минг нафаргача кишини иссиқхона ва қишлоқ хўжалигининг замонавий усулларига ўқитиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг қўшимча йўналиши ўрдак боқиш бўлди. Яқин атрофдаги 350 метрлик каналда 500 та парранда боқилмоқда. Иштирок этувчи ҳар бир оилага Бразилиядан олиб келинган «Фаворит» зотли 10 тадан наслдор ўрдак берилди.
Электр энергияси харажатларини камайтириш мақсадида мажмуа ҳудудида умумий қуввати 100 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Лойиҳа маълумотларига кўра, улар ишлаб чиқарадиган электр энергияси иссиқхона хўжалигининг кундалик эҳтиёжлари учун етарли ҳисобланади.

