Каспийдаги фожиадан омон қолган ҳарбий хизматчилар уйларига қайтишди. Видео

Каспийдаги фожиадан омон қолган ҳарбий хизматчилар уйларига қайтишди. Видео
Каспийдаги машғулотлар пайтида юз берган фожиадан омон қолган уч нафар ҳарбий хизматчи муддатли хизматни якунлаб, уйларига қайтишди. Ижтимоий тармоқларда аскарларнинг яқинлари билан учрашуви акс этган кадрлар пайдо бўлди.
Қайтганлар орасида янаозенлик 19 ёшли Ақжол Темерхан ҳам бор. Фожиадан сўнг ҳарбий хизматчи шифохонага ётқизилган эди, яқинда унга жавоб берилди. У Мангистау вилоятидан чақирилган ва тирик қолган ягона аскар бўлди.
Блогер Азамат Сарсенбаев Ақжол ва унинг ота-онаси билан учрашди. Унинг сўзларига кўра, йигит ота-онаси билан бирга ҳалок бўлган хизматдошларининг оилаларига таъзия билдириш учун уларнинг хонадонларига боришни режалаштирмоқда.
"Одатда аскарлар учун бундай махсус кунлар шовқин-суронли қувончли муҳит, эсдалик учун биргаликда тушилган суратлар ва абадий армия дўстлиги билан кечади. Аммо бу сафар эмас", — деб ёзди Сарсенбаев.
Омон қолган яна икки ҳарбий хизматчи — Атирау вилоятидан Қуандиқ Бекет ва Ғарбий Қозоғистон вилоятидан Никита Удалов ҳам муддатли хизматни якунладилар.
Фожиа 24 сентябрь куни жанговар-ўқув топшириғини бажариш пайтида юз берган эди. Об-ҳаво шароитининг тўсатдан ёмонлашиши ва кучли шамол туфайли Каспий денгизига 17 нафар ҳарбий хизматчини оқизиб кетган. Улардан ўн тўрт нафари, жумладан, бир нафар Қорақалпоғистонлик фуқаро ҳалок бўлган, уч кишини қутқариб қолишга муваффақ бўлинган.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни вафотидан кейин тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Омон қолган уч нафар ҳарбий "Ерлігі үшін" ("Жасорати учун") медали билан тақдирланди.
Бундан аввалроқ Тоқаев Бош штаб бошлиғи Қаниш Аубакиров, вазир ўринбосари Алмаз Жумакеев ва Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Қанат Ниязбековни лавозимидан озод этган эди. Шунингдек, у Мудофаа вазирини ҳам истеъфога чиқарди.

