Картадан картага пул ўтказишдаги комиссиялар: Слиск раҳбари ва банклар изоҳи
Марказий банкда бўлиб ўтган давра суҳбатида Слиск асосчиси банклар харажатларни бошқа даромадлари ҳисобидан қоплай олиши, тўлов ташкилотларининг имконияти эса чекланганини айтди. У нол тарифлар билан рақобатлашишни “демпинг” деб баҳолади. Банк вакиллари эса ўтказмаларни алоҳида даромад манбайи сифатида кўрмаслигини билдирди.

Картадан картага пул ўтказиш комиссиялари: Слиск раҳбари ва банклар изоҳи
Бир иловада картадан картага пул ўтказиш бепул, бошқасида эса маълум лимитгача комиссия олинмайди, яна бирида ҳар бир ўтказма учун ҳақ ундирилади. Кўринишидан бир хил бўлган хизматга нега турлича тариф қўйилади? Бепул ўтказманинг харажатини ким қоплайди?
“Нол комиссия - харажат йўқ дегани эмас”
Слиск асосчиси ва раҳбари Улуғбек Рустамовнинг айтишича, картадан картага пул ўтказишда бир нечта томон - банк, процессинг тизими ва тўлов ташкилоти хизмат кўрсатади. Мижоз тўлайдиган комиссия ана шу занжирдаги тўловлар ҳамда хизматни таъминлаш харажатлари билан боғлиқ. Мижоз учун бепул ўтказма таклиф қилаётган ташкилот бу харажатларни ўз зиммасига олади.
“Ҳар битта П2П бўлганда процессинг тизими бор, банк бор ва тўлов ташкилоти бор. Буларнинг ҳаммасининг комиссиялари йиғиндиси ҳозир шу комиссияни ташкил қилади. Бундан ташқари, кўп ташкилотлар ёки банклар бу комиссияни ўз ҳисобидан қоплаб бериши мумкин. Кимдир нол комиссия беряпти дегани - бу шунчаки топаётган фойдасидан воз кечяпти дегани эмас. Кўплар буни маркетинг харажатлари деб ҳисоблайди”, - деди Рустамов.
У банклар билан тўлов ташкилотларининг даромад олиш имкониятлари бир-биридан фарқ қилишини таъкидлади. Банк мижоз билан муносабатдан ташқари бошқа йўналишларда ҳам даромад олиши, шу ҳисобидан ўтказмани бепул қилиши мумкин. Слиск эса картадан картага ўтказмаларда комиссияга кўпроқ боғлиқлигини билдирди.
“Биз тўлов ташкилотимиз. Тўлов ташкилоти жуда паст маржали, жуда кичкина комиссияда ишлайдиган компания ҳисобланади. Бизда мана шу комиссиядан бошқа топадиган пулимиз йўқ. Яъни, агар биз кимгадир кредит берганимизда ёки мижозларнинг турган пулини айлантириб, бошқа нарса қилганимизда, балки бу комиссияни [қоплашнинг] иложи бўларди”, - деди у.
Рустамов банклар мижозларнинг картадаги маблағларини ресурс сифатида ишлата олишини бепул ўтказмаларни молиялаштириш имкониятларидан бири сифатида келтирди. Унинг сўзларига кўра, банкнинг мақсади фақат битта ўтказмадан даромад олиш билан чекланмайди: мижоз унинг картасидан фойдаланиши ва пулини шу банкда сақлаши ҳам фойда келтиради.

