Иқтисодиёт

Ўз пулини картага киритиш нега пулли? Марказий банкда комиссиялар масаласи кўтарилди

Иқтисодчи Отабек Бакиров банклар маблағ жалб қилишдан манфаатдор эканини таъкидлаб, ўзи фойдаланадиган хорижий банкларда пул киритиш ва ечиш учун комиссия олинмаслигини айтди. Халқ банки вакили эса нақд пул қабул қилувчи қурилмаларида ўз мижозлари картасини бепул тўлдириши, бошқа банк мижозларидан 0,4 фоиз ҳақ олинишини билдирди.

Ўз пулини картага киритиш нега пулли? Марказий банкда комиссиялар масаласи кўтарилди

15-октабр куни Марказий банкда бўлиб ўтган “Молиявий хизматларда комиссиялар: харажатлар, рақобат ва истеъмолчи манфаатлари” мавзусидаги давра суҳбатида нақд пулни банк картасига киритиш учун олинадиган комиссиялар ҳам муҳокама қилинди.

Тижорат банклари, тўлов тизимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этган учрашувда банкларнинг хизмат кўрсатиш харажатлари билан бирга, истеъмолчилар зиммасига тушаётган тўловлар масаласи ҳам кўтарилди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзи мижоз бўлган хорижий банкларни мисол қилиб, банкка пул киритиш ва ундан пул олиш учун алоҳида ҳақ тўламаслигини айтди. У банклар мижозлар маблағларини жалб қилиш ва уларнинг ишончини қозонишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

“Мен ўзим Грузиядаги иккита банкнинг, Қозоғистоннинг битта банки мижозиман. Ҳеч қачон мендан пул киритганимга ҳам, пул чиқарганимга ҳам комиссия олмайди. Иккаласи ҳам.[…] Ўзининг банкига киритиш ва ўзининг банкидан чиқариш бепул. Чунки улар ресурсларни жамлашдан ва ишончдан манфаатдор”, - деди Бакиров.

Учрашувда журналистлар ҳам банклар ўз харажатларини асослаб бераётган бир пайтда, оддий фуқароларнинг харажатлари ҳам инобатга олиниши кераклигини таъкидлади. Хусусан, ойлигини картада оладиган одам пулини нақдлаштириш ёки бошқа картага ўтказишда қўшимча ҳақ тўлашига эътибор қаратилди.

Халқ банки вакили нақд пул қабул қилувчи АДМ қурилмалари орқали картани тўлдириш шартларини тушунтирди. Унинг маълум қилишича, банкнинг ўз мижозлари учун бу хизмат бепул, бошқа банк мижозлари учун эса комиссия белгиланган.

“Бизда 220 дан ошиқ АДМ қурилмалари бор, яъни жисмоний ва юридик шахслардан нақд пулларни қабул қиладиган. Республиканинг деярли барча туманларига ўрнатилган. Халқ банки мижозларига, яъни юридик ва жисмоний шахсларга, картасини тўлдириш ёки юридик шахсга инкассация қилиш учун комиссия олинмайди. Бошқа банк мижозлари учун 0,4 фоиз комиссия қўйилган. Бу ерда ҳам бизнинг даромадимиз унча катта эмас. Ҳозирги харажатларни қоплаш учун қўйилган”, - деди банк вакили.

Унинг таъкидлашича, банк ушбу хизматларда комиссияларни ўз харажатларига имкон қадар яқин даражада белгилашга ҳаракат қилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.