Иқтисодиёт

“Тарифлар ошишини кимга асослаб берасиз?” - Марказий банкда Узсард ва Ҳумо комиссиялари муҳокама қилинди

Иқтисодчи Отабек Бакиров тўлов тизимлари тарифларининг ошиши охир-оқибат истеъмолчилар харажатига айланаётганини айтиб, Марказий банкни рақобатни кучайтиришга чақирди. Операторлар эса инфратузилма харажатлари ва янги хизматларни тарифлаш заруратини келтирди. Муҳокама якунида масалани ўрганиш учун 90 кунлик ищи гуруҳ тузиш таклиф қилинди.

“Тарифлар ошишини кимга асослаб берасиз?” — Марказий банкда Узсард ва Ҳумо комиссиялари муҳокама қилинди

5-октабр куни Марказий банкда банк ва тўлов хизматларидаги комиссияларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Муҳокамада Узсард ва Ҳумо тарифлари қандай шаклланиши, уларнинг оширилиши банклар ва якуний истеъмолчиларга қандай таъсир қилиши масалалари атрофида баҳс юритилди.

“Манфаат тўлов тизимларида йиғиляпти”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, муҳокаманинг асосий мавзуси истеъмолчилар тўлаётган комиссиялар ва уларнинг нега ошаётгани бўлиши керак.

У банклар ҳамда тўлов ташкилотлари ўз хизматларидан жуда кам даромад қолаётганини айтаётган бир пайтда, тўлов тизимларининг даромадлилиги ва тариф сиёсатига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

“Бу ерда баъзи бир фикрлар айтилиб кетилди, кам маржинали деб. Ҳеч ҳам кам маржинали деб бўлмайди триллионлаб фойда олиб турган тўлов тизимларининг фаолияти ҳақида.

Миллий банк раҳбарларидан бири жуда яхши фикрни айтди: банкка ҳеч нарса қолмаяпти деярли. Тўлов ташкилотларига ҳам ҳеч нарса қолаётгани йўқ. Охирги бир ярим, икки йилни ҳисобга оладиган бўлсак, бутун манфаатдорлик ва бенефициарлик тўлов тизимларининг чўнтагида йиғиляпти. Биз мана шу масалани муҳокама қилишимиз керак. Регуляторимиздан сўрайдиган асосий масала ҳам регуляциянинг радарини шу тарафга қаратишдан иборат бўлиши керак”, - деди Бакиров.

Иқтисодчи тўловлар бозори ва айланмалар кенгайиб бораётганини ҳам тарифларни баҳолашда инобатга олиш кераклигини билдирди. Унинг айтишича, операциялар ҳажми ошаётган бир пайтда фақат харажатлар кўпаяётганини келтириш билан чекланиб бўлмайди.

Бакиров Марказий банкдан комиссияларни маъмурий йўл билан белгилашни сўрамаётганини алоҳида қайд этди. У регулятор рақобатни кучайтириш ва бозордаги рағбатларни ўзгартириш орқали операторларга таъсир ўтказиши мумкинлигини айтди.

“Мен ҳам худди сиз сингари Марказий банк тарифларни белгилаб бериши тарафдори эмасман. Лекин Марказий банк ҳамиша рақобат ва истеъмолчилар тарафида туриши керак.

Шу позицияси учун бозор иштирокчиларига босим кўрсата олиш инструментларига эга. Буюриб эмас, бозордаги рағбатларни ўзгартириш орқали. Шу ҳақда гап кетяпти. Ҳеч ким тарифларни регулятив йўл билан нол қилиб беринглар демаяпти. Мен ҳам суҳбатнинг бошида сўраган нарсам - тўлов тизимларига таъсир кўрсатиш керак деб айтяпман”, - деди у.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.