Канада Чарлз ИИИ сурати туширилган янги 20 долларлик банкнотани тақдим этди

Канада Чарлз ИИИ сурати акс этган янги 20 долларлик банкнотани намойиш қилди
Канада банки қирол Чарлз ИИИ тасвири туширилган янги 20 долларлик банкнотани тақдим этди.
Янги купюра вертикал кўринишда бўлиб, асосан яшил рангда ишланган. Унинг олд томонида Чарлз ИИИ портрети, орқа томонида эса Франсиядаги Канада миллий Вими мемориали тасвирланган.
Бу Канадада Чарлз ИИИ сурати туширилган илк банкнота ҳисобланади. Шунингдек, мамлакат пулларида янги монарх портрети 70 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта пайдо бўлмоқда.
Қирол портрети атрофида унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятини ифодаловчи гул ва барглар акс эттирилган. Банкнотада Канаданинг 13 та провинсия ва ҳудудини ифодаловчи гул рамзлари ҳам бор.
Янги банкнота полимердан тайёрланган. Унда Канада пулларида илгари қўлланмаган ҳимоя технологиялари ҳам жорий этилган. Хусусан, бинафша рангли ҳимоя тасмасида купюрани қимирлатганда айланиб, шаклини ўзгартираётгандек кўринадиган элементлар мавжуд.
Канада банки раҳбари Тифф Маклем янги купюрадаги ҳимоя унсурлари уни қалбакилаштиришни қийинлаштиришини айтди.
Канада тўла мустақил ва суверен давлат бўлишига қарамай, у конституциявий монархияни сақлаб қолган ва Миллатлар Ҳамдўстлиги аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, Британия монархи Канаданинг конституция бўйича тан олинган давлат раҳбари ҳам саналади.
Қиролича Елизавета ИИ Канада 20 долларлик банкнотасида илк бор 1935-йилда, у ҳали саккиз ёшли малика бўлган пайтда тасвирланган. 1937-йилдан бошлаб эса қирол Георг ВИ сурати мамлакатнинг бир қатор банкнотларида пайдо бўлган. 1954-йилдан бери Канада банкнотларида асосан Елизавета ИИ портрети ишлатиб келинмоқда.
Янги 20 долларлик банкнота 2027-йил феврал охиридан босқичма-босқич муомалага чиқарилади.

