Дунё

Камқон онадан туғилган чақалоқ мияси кичикроқ бўлади — тадқиқот

Камқон онадан туғилган чақалоқларнинг мияси кичикроқ бўлади — тадқиқот

Камқонлик (анемия) билан оғриган оналардан дунёга келган чақалоқларнинг мияси одатда кичикроқ бўлиши аниқланди. Айниқса, ҳаракат, ўрганиш ва ҳис-туйғуларни бошқаришга масъул бўлган муҳим ҳудудлар ҳам кичраяди.

Олимлар бу тафовутларни илк бор бола бир ёшга тўлганда аниқлаш мумкинлигини айтишмоқда. Бундан ташқари, бола мактаб ёшига етганда ақлий ривожланишда қийинчиликларга дуч келиши эҳтимоли бор. Жаҳон бўйича ҳомиладор аёлларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи анемиядан азият чекади.

Анемия — организмда эритроцитлар (қизил қон таначалари) сони меъёрдан камайиб кетадиган ҳолат бўлиб, у кўпинча темир моддаси етишмовчилиги сабаб юзага келади. Касаллик белгилари орасида ҳолсизлик, ҳансираш ва бош айланиши бор. Бу ҳолат энг кўп Африка (Саҳарадан жанубий ҳудудлар) ва Жанубий Осиёда учрайди.

Буюк Британиядаги Қироллик коллежи ҳамда Жанубий Африканинг Кейптаун университети тадқиқотчилари Кейптаун шаҳрида 300 дан ортиқ она ва уларнинг фарзандларини кузатди. Улар гўдаклар миясини уч ойлигидан икки ёшигача бир неча бор сканер қилди.

Камқон оналардан туғилган чақалоқларнинг умумий мия ҳажми соғлом оналар фарзандларига нисбатан ўртача 4 фоизга кичикроқ экани маълум бўлди. Бунда оналарнинг барчасида анемиянинг енгил шакли аниқланган эди.

Миянинг учта алоҳида қисмида фарқлар қайд этилди: путамен (қобиқ), саудате нуслеус (думли ядро) ва сорпус саллосум (қадоқсимон тана).

Тадқиқот муаллифи ва олим Жесика Рингшоу бу учала соҳа ахборотни қайта ишлаш тезлиги, ҳис-туйғуларни бошқариш ҳамда ижро этиш функсияси каби муҳим нейропсихологик жараёнларга жавоб беришини айтди.

Чақалоқлар гуруҳлари ўртасидаги бу фарқ бола ҳаётининг дастлабки икки йилида янада кучайган. Масалан, онаси камқон бўлган 12 ойлик чақалоқларда қадоқсимон тана ҳажми 4 фоизга кичик бўлган бўлса, 24 ойликда бу кўрсаткич 6 фоизга етган.

Рингшоунинг таъкидлашича, бу фарқлар вақт ўтиши билан йўқолиб кетмайди. Болалар олти ёшга тўлиб, мактабга чиққанида ҳам муаммо сақланиб қолади. Кейинчалик бу уларнинг ўзлаштиришида сезиларли қийинчиликларга олиб келиши мумкин.

Олиманинг қўшимча қилишича, бу топилма аввалги тадқиқотлар натижасини тушунтириб беради. Ҳозиргача камқон оналардан туғилган болалар ривожланиш тестларида пастроқ балл олгани аниқланган эди.

Анемияси бор ва соғлом оналарнинг оилавий даромади ҳамда озиқ-овқат таъминоти каби бошқа омиллари бир-бирига жуда ўхшаш бўлган. Шу сабабли олимлар аниқланган фарқларга айнан онадаги камқонлик сабаб бўлганига ишонч ҳосил қилди.

Рингшоу туғиш ёшидаги аёлларда анемияга қарши курашиш ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. У ҳомиладорлик пайтида анемия ва темир моддаси етишмовчилигини аниқлаш учун скрининг ўтказишни, зарурат бўлса темир моддаси бор таблеткалар ёки иньексиялар тайинлашни тавсия қилди.

Унинг айтишича, анемиянинг сабаблари мураккаб бўлиб, уларга юқумли касалликлар ҳам кириши мумкин. Тадқиқот ОИВ инфексияси бор аёлларда камқонлик кўпроқ учрашини кўрсатди. Шу сабабли темир моддаси билан бирга юқумли касалликларни ҳам тўғри даволаш лозим.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.