Покистондаги касалхонада ёнғин чиқди: камида 15 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлди (видео)

Покистон пойтахти Исломобод шаҳридаги Покистон Тиббиёт фанлари институти (ПИМС) шифохонасининг болалар бўлимида 26-август куни юз берган ёнғин оқибатида камида 15 нафар янги туғилган чақалоқ ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ал Жазеера маҳаллий ОАВга таяниб хабар берди.
Шифохона маъмуриятининг маълум қилишича, фожиа содир бўлган вақтда болалар хонасида жами 16 нафар чақалоқ бўлган. Улардан фақат бир нафари қутқариб қолинган.
Ёнғин бўлимдаги кондиционер компрессорининг портлаши натижасида келиб чиққан. Ҳозирда олов тўлиқ ўчирилган бўлиб, ўт ўчирувчилар воқеа жойида совутиш ишларини олиб бормоқда.
Исломобод бош комиссари Соҳаил Ашрафнинг сўзларига кўра, ёнғин ҳақидаги фавқулодда хабар маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7:00 дан бироз олдин қабул қилинган.

