Лайфстайл

Камерондан Комилага: Жоржиялик қиз нега Самарқандга кўчиб келди?

Қизи Ўзбекистонга ўқишга кетмоқчи эканини эшитган америкалик ота бу қарордан хавотирга тушди. У қизига мамлакат ҳақида эшитганларини айтиб, фикридан қайтармоқчи бўлди. Аммо йигирма ёшли Камероннинг Самарқандга кетиш қарори қатъий эди. Саккиз ой ўтиб, у бу ердаги одамларни яхши кўриб қолди, келажагини ҳам Ўзбекистон билан боғлаш ниятида.

**Камерондан Комилага: Жоржиялик қиз нега Самарқандга кўчиб келди?**

Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Комила Фарриева — Камерон Фарр билан суҳбатимиз тилларни ўрганишдан бошланиб, инсонлар ўртасидаги меҳр ва ишонч мавзусида давом этди.

Комила Фарриева АҚШнинг Жоржия штатида туғилиб ўсган. Ўзбекистонга келганига саккиз ой бўлган бўлса-да, бу ердаги ҳаёти ҳақида сўзлар экан, унинг овозида самимий ҳаяжон сезилди.

Комиланинг айтишича, у болалигидан тилларга қизиққан. Тўққиз ёшидан бошлаб хорижий тилларни жиддий ўрганишга киришган. Аввал испан ва немис тилларини ўзлаштирган, кейинчалик тил ўрганишга бўлган қизиқиши уни бошқа халқлар ва маданиятлар билан ҳам яқинлаштирган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир йигирмата тилда мулоқот қила олади, шулардан ўн биттасини мукаммал билади. Ўзбек тилини ҳам АҚШдаги афғон ўзбеклари билан мулоқот орқали ўрганган. Туркий тиллар билан бирга япон тилини ҳам ўзлаштирган.

Тил ўрганишга шу қадар қизиққан қиз учун хорижда таълим олиш ҳам табиий танлов бўлган. Бироқ у бунинг учун одатий йўналишни эмас, Марказий Осиёни, хусусан, Ўзбекистонни танлаган.

Бу қарор ота-онаси учун кутилмаган бўлган. Дастлаб улар қизининг Ўзбекистонга боришига қарши чиқишган. Комила эса мамлакатнинг маданияти, одамлари ва ҳаёти ҳақида тушунтириб, уларни ўз танловига ишонтиришга уриниб кўрган.

“Дастлаб дадам у ерларда келин ўғирлаш бўлади, деб қаршилик кўрсатди. Кейинчалик вазиятни тушуниб, мени бу ерга келишимга розилик билдирди. “Ўзингни эҳтиёт қилсанг бўлди”, деди”, - дейди Комила.

Ҳозирда Комила Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил олмоқда. Унинг айтишича, таълим усуллари унга маъқул келган, муҳит эса тилларни ўрганиш ва амалда қўллаш учун қулай.

Аммо Самарқандни севиб қолишига фақат университетдаги таълим сабаб бўлмаган. У бу ерда одамлар билан мулоқот қилишни, маҳаллий ҳаётни ичидан ўрганишни ёқтиради.

“Ўтган бир неча ой ичида Ўзбекистонда бўлиб, ўзбек халқини жуда яхши кўриб қолдим. Жуда яхши одамлар, ёрдамларини аяшмайди. Айниқса, Ўзбекистонда катта оналар - бувилар жуда яхши экан. Улар меҳрибон ва ширинсўз.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.