Камбағалликни қисқартиришга масъуллар кучайтирилган иш режимига ўтади
Камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади, дея эълон қилди президент Шавкат Мирзиёев. Бу тизимда “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтади. Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бощилигида штаблар ташкил этилади. Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилади. Ҳокимлар бутун иқтисодий комплекс билан ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади.

Камбағалликни қисқартиришга масъул шахслар кучайтирилган иш режимига ўтади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Президент топшириғига биноан, иқтисодий комплекснинг барча раҳбарлари Хоразмда қолиб, камбағаллик билан курашиш тизимини ўзгартириш бўйича таҳлиллар ўтказди.
Икки ҳафта давомида вилоятдаги 81 минг камбағал аҳоли, яъни 19 минг оиланинг аҳволи ўрганилди. Ушбу оилаларда 12 минг ишсиз ва 10 минг кам даромадли аҳоли борлиги аниқланди.
Айни пайтда Хоразмдаги тадбиркорлар қурилиш соҳасига 4 минг, хизматлар соҳасига 3 минг ва саноатга 2,5 минг ищи изламоқда.
Масъулларга ишсиз ва кам даромадли аҳолини корхоналар талабига асосан касбга ўқитиб, иш билан таъминлаш имкониятларини ишга солиш вазифаси юклатилди.
Мавжуд бўш иш ўринлари ва касбга тайёрлаш имкониятларидан фойдаланиш орқали камбағал оилалардаги 10-15 минг нафар аҳолининг даромадини ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Хоразмда ўрганилган камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги аниқланди. Бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб этиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас.
Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритмоқда. Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ва ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан банд. Бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.
646 нафар коллеж ўқувчиси ҳамда олийгоҳ талабасининг ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти бор.
Шунингдек, камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат билан шуғулланиш учун имконият яратиш мумкинлиги таъкидланди.

