Хоразмда депутатлар камбағал оилалар билан манзилли ишлайди
Хоразм вилоятида ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратининг янги тизими жорий этилади. Унга кўра, депутатлар Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан индивидуал режа асосида ишлаб, уларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашади.

Хоразмда депутатлар камбағал оилалар билан манзилли ишлайди
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ишсизлик ва камбағалликни камайтириш, муҳтож оилаларни ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишларни ўрганди.
Сенат раиси Хива ва Қўшкўпир туманларидаги “оғир” тоифага киритилган Ғовук ва Шихмашҳад маҳаллаларида бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди.
Ғовук маҳалласида мебел, эшик ва дераза ромлари ишлаб чиқариш аҳолининг асосий даромад манбаларидан бирига айланган. Маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, Ҳунармандчилик марказини ташкил этиш, усталар учун зарур шароитлар яратиш ва ишлаб чиқаришни кластер усулида йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шихмашҳад маҳалласида эса ҳунармандчилик ва боғдорчилик асосий йўналишлар ҳисобланади. Бу ерда 100 дан ортиқ ҳунарманд хонадонлари фаолият юритиб, нақш ўймакорлиги асосида ёғоч маҳсулотлари тайёрламоқда. Маҳсулотлар Қорақалпоғистон ва бошқа ҳудудларга ҳам етказиб берилмоқда.
Вилоят олдига йил якунига қадар ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларни шакллантириш вазифаси қўйилган. Президентнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида 81 минг кишини камбағалликдан чиқариш ва 39 минг ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш белгиланган.
Шу мақсадда Сенат томонидан маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган янги тизим ишлаб чиқилди.
Унга мувофиқ, ҳар бир депутат ўзи сайланган округдаги маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилади. Депутатлар муаммоларни аниқлаш билан чекланмай, уларни ҳал этишда масъул ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш, ижрони кузатиш ва якуний натижани баҳолашда ҳам иштирок этади.
Айниқса, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан индивидуал режа асосида ишлаш, уларни камбағалликдан чиқариш ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилади.
Амалга оширилаётган ишлар ҳар ҳафта доимий комиссиялар томонидан ўрганилади. Натижалар эса ҳар ой маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилади.
Янги тизимни Хоразм вилоятидаги 348 нафар депутат фаолиятига ҳамда 509 та маҳаллага татбиқ этиш бўйича вазифалар белгиланган.

