Жиззахда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади

Жиззахда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарилади
Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Президентнинг 17-сентябрдаги қарорига мувофиқ, Жиззах вилоятида ушбу лойиҳага 2026–2028-йилларда 130 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади.
Лойиҳа Хитойнинг Чина Сивил Энгинееринг Сонструстион Сорпоратион (ССЕСС) ва Севиа Энвиро Инс. (Ҳенан Инвестмент Гроуп) компаниялари консорсиуми томонидан бажарилади. Инвестор ҳамда Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 14-сентябр куни инвестиция шартномаси имзоланган.
Қарорга кўра, Жиззах вилоятида кунига 1 минг тонна чиқиндини термик усулда қайта ишлаш ва бунинг натижасида йилига 110 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилади. Лойиҳа учун Жиззах вилояти ҳокимлигига Шароф Рашидов туманидаги “Ғозғонтепа” МФЙ ҳудудидан 10,8 гектар ер ажратилиши белгиланган.
Ишлаб чиқариладиган электр энергиясини “Ўзенергосотиш” АЖ 30 йил давомида кафолатланган тартибда харид қилиши, Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги эса лойиҳа компаниясига шу муддат мобайнида белгиланган ҳажмдаги қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериши назарда тутилган.
Лойиҳа компанияси қурилиш даврида мажбуриятларини бажариш таъминоти сифатида 8 млн доллар миқдорида банк кафолати беради. Бундан ташқари, чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зонаси ҳамда лойиҳа учун зарур электр ва бошқа инфратузилмани барпо этиш кўзда тутилган.
Қарорда инвестор учун айрим маъмурий ва бошқа шартлар ҳам белгиланган. Жумладан, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари учун виза ҳамда яшаш билан боғлиқ енгилликлар назарда тутилган. Лойиҳа ҳужжатлари экологик экспертизадан ўтказилиши ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши ҳам шарт.

