Хоразмда 100 миллион долларлик чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш заводи қурилади
Жанубий Кореянинг Green Hammer компанияси Хоразм вилоятида маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилишига 100 миллион доллар инвестиция киритади. Корхона кунига 800 тонна чиқиндиларни қайта ишлаш ва 71 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Лойиҳани 2026−2028 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

Хоразмда қиймати 100 млн долларлик чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш заводини қуриш режалаштирилмоқда
Хоразм вилоятида қиймати 100 миллион доллар бўлган қаттиқ маиший чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқариш корхонасини қуриш кўзда тутилмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган.
Жанубий Кореянинг Green Hammer Co., Ltd. компанияси инвестор бўлади. Завод кунига 800 тонна чиқиндини қайта ишлаш ва 71 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳани 2026−2028 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун кореялик инвестор Ўзбекистонда хорижий корхона — лойиҳа компаниясини ташкил этади.
14 сентябрь куни Green Hammer ва Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди. Бундан олдин, 11 сентябрь куни инвестор «Ўзэнергосотиш» билан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида ва Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисида битимлар тузган эди.
Қарорга мувофиқ, лойиҳа компанияси 30 йил давомида ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» компаниясига кафолатли сотиш имкониятига эга бўлади. Ўз навбатида, «Ўзэнергосотиш» ушбу электр энергиясини худди шу муддат давомида миллий валютада сотиб олиш мажбуриятини олади.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ҳам 30 йил давомида корхонага зарур ҳажмдаги қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатли етказиб бериши керак.
Инвестор қурилиш даврида лойиҳа компаниясининг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун биринчи даражали банкнинг 7 миллион долларлик кафолатини тақдим этиши шарт.
Лойиҳа компанияси, шунингдек, электр станциясини ягона энергетика тизимига улаш учун зарур бўлган электр узатиш тармоқлари ва бошқа инфратузилмани ўз ҳисобидан қуради. Объектлар фойдаланишга топширилгандан сўнг улар «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га топширилади.
Корхона чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган экосаноат зонасида ёки унга туташ ҳудудда жойлаштирилади.
Хоразм вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Урганч тумани «Янги Ўртабоғ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига 15 гектар ер майдони ажратилишини таъминлаш топширилди. Ушбу ер участкаси экосаноат зонасини ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади.
Лойиҳа компанияси ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»га бериладиган ер участкалари учун ижара тўлови ер солиғи ставкасига тенглаштирилади.
Барча солиқлар ва йиғимлар тўланганидан сўнг, лойиҳа компанияси лойиҳани молиялаштириш доирасида хорижий банкларда ҳисобварақлар очиши, кредитлар ва валюта маблағларини олиши ҳамда улардан фойдаланиши мумкин бўлади. Шунингдек, унга Ўзбекистондаги банк ҳисобварақлари орқали тўловларни амалга оширмасдан, хорижий пудратчилар, етказиб берувчилар ва кредиторлар хизматлари учун тўғридан-тўғри ҳақ тўлашга рухсат берилади.
Жалб этиладиган хорижий мутахассислар учун белгиланган тартибда кириш визалари ва ишга рухсатномалар расмийлаштирилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги олтита чиқинди ёқиш заводидан иккитасини 2026 йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Бунга параллел равишда расмийлар қиймати 625 млн долларлик яна бешта лойиҳани тақдим этди. Янги корхоналар чиқиндилардан нафақат электр энергияси ишлаб чиқаради, балки ҳосил бўладиган кулларни ҳам қайта ишлайди.

