Жиноий уюшмани молиялаштирганлар ва ноқонуний жанговар спорт мусобақаларини ташкил қилганлар учун жавобгарлик белгиланади
Ўзбекистонда безорилик ҳамда унинг оқибатида оғир тан жароҳати ёки ўлим юз бериши учун жавобгарлик кучайтирилади. Жиноий уюшмани молиялаштириш ва унга ҳомийлик қилиш, ноқонуний жанговар спорт мусобақаларини ташкил этиш учун эса жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Сенат тегишли қонунни маъқуллади.

Жиноий уюшмани молиялаштирганлар ва ноқонуний жанговар спорт мусобақаларини ташкил қилганлар жавобгарликка тортилади
Сенатнинг 2-октабрдаги ялпи мажлисида уюшган жиноятчилик ҳамда жамоат тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган қонун кўриб чиқилди. Ҳужжатга мувофиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда.
Мажлисда тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, 2024-йилда 119 нафар, 2025-йилда 125 нафар, 2026-йилнинг саккиз ойида эса 78 нафар шахс одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган. 2024−2026-йилларнинг ўтган даврида бундай жиноятлар оқибатида жами 322 киши вафот этган.
Бурханов бу рақамлар инсон ҳаёти ва соғлиғига қарши йўналтирилган, оғир оқибатларга олиб келувчи зўравонлик жиноятларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатаётганини таъкидлади.
Шунингдек, сенатор хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганилганда, айрим мамлакатларда одам ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун белгиланган жазолар қасддан одам ўлдириш жинояти учун назарда тутилган жазолар билан тенглаштирилгани, айрим ҳолларда эса ундан ҳам оғирроқ жазо чораларининг белгиланганига эътибор қаратди.
Қонун лойиҳасида уюшган жиноятчиликнинг молиявий асосларини ҳам қамраб олишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда. Амалдаги Жиноят кодексининг 242-моддасида жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёки унинг бўлинмаларини тузиш ёхуд унга раҳбарлик қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Бироқ амалдаги қонунчиликда жиноий уюшма ташкил этиш ёки у томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳокимият ёхуд мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ҳомийлик қилганлик учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмаган.
Шу муносабат билан Жиноят кодексини янги 242−1-модда билан тўлдириб, жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, жиноий уюшмани молиялаштиришда иштирок этган шахс оғир оқибатлар юзага келиши ёки жиноий уюшманинг мақсадлари амалга ошишининг олдини олиш учун ваколатли органларга ўз вақтида хабар бериш ёки бошқа йўл билан фаол кўмаклашган бўлса ва унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Шунингдек, жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирган, уни ташкил этишга ёки уюшма томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали ҳомийлик қилган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўлламаслик белгиланмоқда.
Қонун билан безорилик учун жазо чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда. Безориликни жуда кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мол-мулкини нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш, шунингдек, уюшган гуруҳ томонидан содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида белгиланади.
Бундан ташқари, безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳамда жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни оғирлаштириш таклиф этилмоқда.
Жиноят кодексига яна янги 277−1-модда киритилиб, жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жиноят содир этгунига қадар 14 ёшга тўлган шахсларни уюшган гуруҳ томонидан безорилик жиноятини содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш белгиланмоқда.
Жиноят-процессуал кодексга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Жиноят кодексининг янги 242−1-моддасида (Жиноий уюшма ташкил этиш) назарда тутилган жиноятлар бўйича дастлабки терговни прокуратура органлари терговчилари олиб боради. Жиноят кодексининг 277-моддаси тўртинчи қисми ва янги 277−1-моддасидаги жиноятлар бўйича дастлабки терговни эса ички ишлар органлари терговчилари амалга оширади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳам янги 191−1-модда билан тўлдирилиши кўзда тутилмоқда. Унда қонунга хилоф равишда ташкил этилган жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларида иштирок этганлик учун жавобгарлик белгиланади. Бундай ҳуқуқбузарликларга оид ишларни жиноят ишлари бўйича судлар кўриб чиқиши таклиф этилмоқда.

