Жиноят иши доирасида ундирилган пулларни қайтариш тезлаштирилади
Президент фармонига биноан, жиноят иши доирасида киритилган гаров пулларини ва етказилган зарарни қоплаш учун бюджет фойдасига ундирилган маблағларни қайтариб бериш, шунингдек, реабилитация қилинган шахсга етказилган моддий ва маънавий зарарларни тўлаб бериш тўғрисидаги суд ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча механизмлар белгиланяпти. Пулларни қайтариш (тўлаб бериш) кечиктирилган ҳар бир кун учун фуқаро ёки тадбиркор фойдасига пеня ҳисобланади.

Ўзбекистонда жиноий жараёнларда жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субьектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти якунлари бўйича 27-август куни имзолаган фармонда бу борада бир қатор вазифалар белгиланди.
Хусусан, жиноят иши доирасида киритилган гаров суммаларини қайтариш тартиби соддалаштирилади. Шунингдек, зарарни қоплаш бўйича Давлат бюджети фойдасига ундирилган пул маблағлари суд қарори асосида фуқаро ёки тадбиркорга қайтарилиши белгиланган тақдирда, бу пуллар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фуқаро ёки тадбиркорга қайтарилади.
Реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан суд қарори асосида Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси маблағларидан қоплаб берилади.
Зарарни қоплаш бўйича ундирилган пулларни қайтариш ҳамда реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ижро этилмаганда, бажарилмаган мажбурият қисмига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида фоизлар (пеня) ҳисобланади.

