Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун баҳс олдидан АҚШдаги турнир ғолиби бўлди
Гроссмейстер Жавоҳир Синдаров дунёнинг уч нафар етакчи шахматчисини мағлуб этиб, АҚШдаги турнир ғолибига айланди. Унинг Накамура устидан қозонган ғалабаси мусобақанинг энг яхши партияси деб эътироф этилди. Бу унинг жаҳон чемпионлиги унвони учун кечадиган баҳс олдидан сўнгги мусобақаси бўлди.

Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун баҳс арафасида АҚШдаги турнирда зафар қучди
20 ёшли ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров 27−29-октабр кунлари Сент Луис (АҚШ) шахмат клубида ўтказилган Слутч Чесс: Чампионс Шовдовн 2026 халқаро турнирида ғолиб бўлди.
Синдаровнинг халқаро турнирларга, жумладан, бўлажак шахмат тожи учун ўйинга тайёргарлик кўриши, иштирок этиши ва мураббийлар билан ишлаши
Уч кун якунига кўра, Синдаров 20,5 очко тўплаб, энг яқин таъқибчиси ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандҳани 1,5 очкога ортда қолдирди.
Якуний натижалар:
Мукофот жамғармаси 425 минг доллар бўлган мусобақада Синдаров 1-ўрин учун 125 минг доллар олди. Алоҳида партиялардаги ғалабалар учун қўшимча тўловлар ва махсус жекпот билан бирга унинг умумий ютуғи 168 минг долларга етди.
Слутч Чесс: Чампионс Шовдовн кетма-кет иккинчи йил ташкил этилди. 2025-йилдаги илк турнирда норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен ғолиб чиққан, иккинчи ўринни эса Фабиано Каруана эгаллаган эди.
Бу сафарги мусобақада тўрт нафар шахматчи қатнашди, уларнинг ҳар бири 18 тадан — кунига олтитадан партия ўтказди. Рақиблар ҳар куни бир-бирлари билан икки мартадан оқ ва қора доналарда ўйин олиб борди.
Вақт назорати ҳар бир партия учун 10 дақиқани ва ҳар бир юришдан сўнг беш сония қўшиб беришни назарда тутди.
Мусобақанинг яна бир ўзига хос жиҳати турнир якунига яқинлашгани сари ғалабалар қийматининг ошиб бориши бўлди. Биринчи куни ютилган партия учун 1 очко, иккинчи куни 2 очко, якуний кунда эса 3 очко берилди. Бу шахматчиларга ҳатто охирги куни ҳам турнир жадвалидаги ўрнини сезиларли даражада ўзгартириш имконини берди.
Ғалабалар учун, шунингдек, мусобақа кунига қараб 1000 доллардан 3000 долларгача пул бонуслари ҳам тўланди.
Биринчи кундан сўнг тўрт очко жамғарган Хикару Накамура пешқадам бўлди. Синдаров бир ғалаба ва ҳеч қандай мағлубияциз 3,5 очко билан иккинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистонлик шахматчи ягона ғалабасини Прагнанандҳа устидан қўлга киритди. Турли рангли филлар иштирокидаги эндшпилда аввалроқ устунликка эга бўлган ҳиндистонлик гроссмейстер 47-юришда қўпол хатога йўл қўйди ва рақибнинг кейинги юришидан сўнг таслим бўлди.
Биринчи куннинг сўнгги партиясида Синдаров Накамура устидан ҳам ғалаба қозонишга яқин келди. Мураккаб эндшпилда америкалик шахматчи хатога йўл қўйиб, ютқазилган позицияга тушиб қолди, аммо ҳимояланишга ва 117-юришдан сўнг дурангга эришишга муваффақ бўлди.
Иккинчи кун Синдаров учун унчалик омадли кечмади. У Прагнанандҳа билан ғалабалар алмашди, аммо Каруанага имкониятни бой берди, бу партияни у кейинчалик фаолиятидаги энг ёмон ўйинлардан бири деб атади. Яна учта учрашув дуранг билан якунланди.
Якуний ўйин куни олдидан Синдаров ва Каруана ҳисобида 8,5 очкодан бор эди ва улар пешқадамлик қилаётган Прагнанандҳадан 2,5 очкога ортда қолишаётганди.
Ҳал қилувчи кунда ўзбекистонлик гроссмейстер бирорта ҳам партияда мағлуб бўлмади, хусусан, учта ғалабага эришиб, уч марта дуранг ўйнади. Аввалига Синдаров турнир пешқадами Прагнанандҳа билан тўқнаш келди. Биринчи партия дуранг билан якунланди, иккинчисида эса ўзбекистонлик шахматчи рақибининг тактик хатосидан унумли фойдаланди.
Ҳиндистонлик шахматчи марказий иккита пиёда эвазига дона қурбон қилди ва материални қайтариб олишга умид қилган эди. Бироқ фарзин билан зарур юришни амалга ошириш ўрнига Синдаровга ҳал қилувчи тактик имкониятни бой бериб қўйди.
Кейин ўзбекистонлик гроссмейстер Фабиано Каруанани мағлуб этди. Жуда кам вақт қолган шароитда америкалик шахматчи ноаниқликларга йўл қўйди ва Синдаров фарзинларсиз рухлар эндшпилида иккита пиёдалик устунликни қўлга киритиб, уни ғалабагача етказди.
Каруана билан иккинчи учрашувда Синдаров яна истиқболли позицияга эга бўлди, бу сафар шоҳ ҳимоясини қўллаб, аммо ғалабали давомни топа олмади. Партия дуранг билан якунланди.
Турнирнинг энг ёрқин партияси Синдаровнинг охиргидан олдинги турда қора доналарда Хикару Накамура устидан қозонган ғалабаси бўлди.
Ўзбекистонлик гроссмейстер яна шоҳ ҳимоясини танлади — бу дебютни у ҳатто дунёнинг энг кучли шахматчиларига қарши ўйинларда ҳам мунтазам қўллаб келади.
Синдаров филни қурбон қилиш билан рақиб шоҳига қарши шиддатли ҳужум бошлади. Ҳужум суръатини сусайтирмаслик учун у кейинчалик икки марта устунликдан кечиб, рухларини енгил доналарга алмаштирди.
Ҳужум муваффақиятли чиқди ва Накамура мағлубиятини тан олди.
“Бу шоҳ ҳимоясида мен ўйнаган энг яхши партиялардан бири бўлди. Ҳатто қисқа вақт назоратида ҳам жуда яхши ўйнадим”, — деди Синдаров учрашувдан сўнг.
Шахматчининг сўзларига кўра, маълум пайтда унда ғалабага эришишнинг бир нечта усули бўлган, бироқ у онгли равишда энг таъсирли ва чиройли давомни танлаган.
“Агар чиройли ўйин бошлаган бўлсам, уни чиройли якунлашим ҳам керак, деб ўйладим”, — деди у.
Chess.com шарҳловчиси ушбу учрашувни мусобақанинг энг яхши партияси ва йил партияси унвонига даъвогарлардан бири деб атади.
Накамура устидан қозонилган ғалабадан сўнг Синдаров америкалик шахматчи билан яна бир партия ўтказиши керак эди. Якуний учрашувда у ишончли Берлин ҳимоясини танлади ва унга биринчи ўринни таъминлаган дурангга эришди.
Прагнанандҳа охирги тургача турнирда ғолиб чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Бироқ Каруанага қарши кечган сўнгги партияда қора доналарда ўйнаган ҳиндистонлик гроссмейстер хатога йўл қўйиб, рақибга ўз фарзинини қопқонга туширишга имкон берди. Оқибатда у имкониятни бой бериб, мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Сент Луисдаги ғалаба Жавоҳир Синдаров учун Ҳиндистон вакили Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон чемпионлиги унвони учун кечадиган баҳс олдидан расмий мусобақалардаги сўнгги иштирок бўлди.
Синдаров натижадан ҳам, АҚШда ўтказган вақтидан ҳам мамнун эканини таъкидлади. У, шунингдек, турнир ташкилотчилари ва шарҳловчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
2026-йилнинг 22-ноябридан 12-декабрига қадар Женевада (Швейсария) бўлиб ўтадиган дунё тожи учун баҳс бўлади. Биринчи партия 24-ноябрга режалаштирилган.
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) регламентига кўра, рақиблар классик вақт назорати остида 14 тагача партия ўтказади. Агар уларнинг якунлари бўйича ҳисоб тенг бўлиб қолса, чемпион 12-декабр куни тай-брейкда аниқланади.
Синдаров 2026-йилги Номзодлар турнирида ғолиб чиқиб, дунё тожи учун ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритганди. Гукеш эса 2024-йил декабрида хитойлик гроссмейстер Дин Лиженни мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлган эди.
Ўйин бошланган пайтда иккала шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади. Бу шахмат тарихида иштирокчиларининг ёши бўйича энг ёш жаҳон чемпионлиги баҳсига айланади.

