Гукеш — Синдаров матчида мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади
Жаҳон чемпионлиги баҳси кўпи билан 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко

Гукеш — Синдаров ўртасидаги матч учун мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади
ФИДЕ 2026-йилги жаҳон чемпионлиги матчи регламентини эълон қилди. Унга кўра, амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаровга қарши шахмат тожини ҳимоя қилади.
Матч 22-ноябрдан 12-декабргача Швейсариянинг Женева шаҳридаги Фондатион Мартин Бодмер мажмуасида бўлиб ўтади. Дастлабки классик партия 24 ноябрда, охиргиси эса 11-декабрда ўйналади. Агар 14 партиядан кейин ҳисоб тенг бўлса, 12-декабр куни тай-брейк ўтказилади.
Жаҳон чемпионлиги баҳси максимал 14 та классик партиядан иборат бўлади. Биринчи бўлиб 7,5 очко жамғарган шахматчи чемпионликни қўлга киритади.
Гукеш ва Синдаров матч бошланганда 20 ёшда бўлади. Шу тариқа, бу жаҳон чемпионати тарихидаги энг ёш икки шахматчи ўртасидаги чемпионлик баҳси бўлади.
Жавоҳир Синдаров жаҳон чемпионлиги учун матчда қатнашиш ҳуқуқини 2026-йилги ФИДЕ Номзодлар турнирида ғолиб чиқиб қўлга киритди. У мусобақада 14 имкониятдан 10 очко тўплади, бирорта ҳам партияда мағлуб бўлмади ва турнир ғолиблигига бир тур қолганидаёқ эришди.
Бундан аввал Синдаров 2025-йилги ФИДЕ Жаҳон кубогида ҳам ғолиб чиққан эди. У мутлақ жаҳон чемпиони унвони учун матчда иштирок этадиган Ўзбекистон тарихидаги биринчи шахматчи бўлади.
Гукеш эса 2024-йилда Сингапурда Дин Лиженни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпиони бўлган. У ўшанда 18 ёшида шахмат тарихидаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланган.
Матчнинг умумий мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Регламентга кўра, ҳар бир ғалаба учун шахматчига 200 минг доллардан берилади, қолган маблағ эса икки иштирокчи ўртасида тақсимланади.
Жаҳон чемпионлиги учун баҳс Фондатион Мартин Бодмер — жаҳон адабиёти ва инсоният тарихига оид ноёб қўлёзмалар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган машҳур кутубхона-музейда ўтказилади.

