Жарима баллари қандай қоидабузарликлар учун ҳисобланади ва қачон ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниш мумкин?
Ўзбекистонда 2025-йил 1-июндан жарима баллари тизими ишга тушди. Аксарият ҳайдовчилар: 12 балл тўпласам, ҳуқуқимдан маҳрум бўламан, деб ўйлайди. Аслида эса чегара бошқача, қарорни суд қабул қилади, баллар эса ҳар доим ҳам транспорт воситасини бошқарган шахсга yozilmaydi.Qaysi қоидабузарликлар учун баллар ҳисобланиши, ҳар бир қоидабузарлик учун қанча балл берилиши, улар қачон бекор бўлиши ва баллар хато ҳисобланган бўлса, нима қилиш кераклиги ҳақида сўз юритамиз.

Жарима баллари қайси қоидабузарликлар учун ҳисобланади ва қачон ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш мумкин?
Баллар жаримани алмаштирмайди. Улар одатий жазо билан бирга ҳисобланади.
Ҳар бир қоидабузарлик учун 0,2 баллдан 2 баллгача берилади. Бир мартада 2 баллдан кўп ҳисобланмайди.
Баллар ЙҲҚнинг барча қоидабузарликлари учун эмас, балки МЖтКнинг 34¹-моддасида санаб ўтилган қоидабузарликлар учун берилади.
Жаримани тўлаш баллни ҳисобдан чиқармайди. Ҳатто у биринчи куниёқ чегирма билан тўланган бўлса ҳам.
8 балл тўпланганда СМС-огоҳлантириш юборилади.
Ҳайдовчилик ҳуқуқи 12 баллда эмас, балки баллар йиғиндиси 12 баллдан ошганда хавф остида қолади.
Ҳайдовчилик ҳуқуқидан суд маҳрум қилади, тизим ёки инспектор эмас. Баллар асосида маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас.
Ярим йил давомида янги балли қоидабузарлик бўлмаса, 2 балл айрилади.
Камера қайд этган қоидабузарлик бўйича баллни ҳақиқий ҳайдовчига бириктириш мумкин, аммо бунинг учун автомобилни бошқа шахсга бериш расмийлаштирилган бўлиши керак.
Маст ҳолда транспорт бошқариш ва тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиш ҳар қандай баллсиз ҳам дарҳол ҳуқуқдан маҳрум қилишга олиб келади.
Баллар жаримани алмаштирмайди. Ҳайдовчи қоидабузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича асосий жазони — жарима ёки огоҳлантириш олади. Қўшимча равишда, агар ушбу модда балл бериладиган рўйхатга кирса, 0,2 баллдан 2 баллгача олади.
Бир қоидабузарлик учун энг кўп миқдор — 2 балл. Қоидабузарлик қанчалик оғир бўлмасин, ундан ортиқ балл ҳисобланмайди.
Жаримани тўлаш баллни бекор қилмайди. Бу икки хил нарса. Сиз жариманинг 100, 70 ёки 50 фоизини тўласангиз ҳам, баллар ҳисобда қолади.

