Маҳаллий

Ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаганлик учун жарима жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда зиммасига ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда мансабдор шахслари учун янги маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаганлик учун жарима белгиланиши мумкин

Лойиҳада таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда давлат органлари ёки бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бермаслик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган.

Лойиҳа муаллифлари фикрича, бу айрим ҳолатларда ҳуқуқбузарликларнинг яширилишига ёки улар юзасидан зарур чоралар ўз вақтида кўрилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Шу сабаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 188⁵-модда — «Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида хабар бериш ҳақидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш» моддаси билан тўлдириш таклиф қилинган.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд мансабдор шахси белгиланган тартибда ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бермаса, маъмурий жарима қўлланиши мумкин.

- фуқаролар ва хизматчиларга — 3 БҲМдан 5 БҲМгача;

- мансабдор шахсларга — 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима солиш таклиф этилмоқда.

Агар айни шу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрор содир этилса, жазо оғирлашади.

Бунда фуқаролар ва хизматчилар учун жарима 5 БҲМдан 10 БҲМгача, мансабдор шахслар учун эса 10 БҲМдан 15 БҲМгача этиб белгиланиши назарда тутилган.

Лойиҳада ушбу ўзгартишлар ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг масъулиятини кучайтиришга қаратилгани қайд этилган.

Шунингдек, янги тартиб фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қонун қабул қилинса, у расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.