Маҳаллий

Ҳайдовчиларга жарима балларини ўчириб беришни таклиф этаётган фирибгарлар пайдо бўлди

Ҳайдовчиларга жарима балларини ўчириб беришни таклиф қилаётган фирибгарлар пайдо бўлди.

Ма'лум миқдордаги тўлов эвазига ҳайдовчиларнинг жарима балларини базадан ўчириб ташлашни таклиф этаётган шахслар пайдо бўлди. ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев бу ҳолатни фирибгарлик деб атади.

"Буларнинг ҳаммаси фирибгарлар. Чунки жарима балларини ўчиришнинг техник имкониятлари мавжуд эмас. Бу онлайн тартибда ҳисобланадиган, тўлиқ ҳимояланган тизим. Шунинг учун фуқароларимиз бундай фирибгарларга ишониб қолмасликлари керак. Агар шундай ҳолатга дуч келсалар, зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз", деди у "Бу кун" информацион дастурига берган интервюсида.

Ма'лум бўлишича, бундай хизмат кўрсатиладиган Телеграм канал топилганда, хизматдан аллақачон фойдаланганлар борлиги ҳақида таассурот уйғотиш учун сохта ёзишмалар ҳам шакллантирилгани аниқланган. Каналга жойланган видеоларнинг бирида бу хизмат орқали жарима балларини йўқ қилишга эришган фуқаронинг миннатдорлиги ҳам келтирилган.

"Акалар, ҳаммага салом. Менда 8,5 балл бўлиб турганди. 'Права' йўқотаман деб қўрқиб тургандим. Инстаграм'да рекламани кўрдим ва ёздим, тўлов қилдим ишониб. Бир соатга қолмасдан ҳамма жарима балларим ўчиб кетди, нол бўлди. Ҳамма иловаларда ҳам нол бўлиб турибди. Ҳатто МйГов'да ҳам нол бўлди. Ҳатто 'ГАИ' ходимларининг планшетида ҳам нол бўлиб турганди. Жарима балларингизни нол қилиб беради. Раҳмат", деган у видеода.

Зоир Йўлдошевнинг билдиришича, бу каби кибернайрангларни, киберҳужумларни, кибержиноятларни олдини олиш мақсадида айни пайтда тегишли соҳа ходимлари томонидан назорат тадбирлари ўтказиляпти.

"Муҳими, мана шундай бир жараёнда фуқароларимиз бу каби фирибгарликларга ишониб қолмасликлари лозим. Ижтимоий тармоқ доимий равишда ички ишлар идоралари томонидан мониторинг қилиб борилади. Бунда чиқаётган ҳар қандай постлар, тарқалаётган зарарли ҳаволаларни йўқ қилиш, уларга нисбатан кескин чоралар кўриш ишлари доимий равишда олиб борилади", деди у.

ЙҲХБ вакили жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 700 нафардан ошганини ҳам ма'лум қилди. Уларнинг барчасини ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. 11-июлда жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 671 нафарга етганди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.