“Жанубий тўртлик” доктринаси: Ўзбекистон учун бу нега муҳим?
Марказий Осиё халқлари ўзининг жанубий қўшнилари – Туркия, Эрон, Афғонистон ва Покистонга ҳалига қадар ё собиқ колония томонидан, ёки Ғарб томонидан шакллантирилган нуқтайи назар билан қарайди, шунинг учун бу давлатларга нисбатан ўзида бегоналашувни ҳис қилади. Ваҳоланки, биз айнан мана шу тўртта давлат билан ўзликлар асосидаги, тенг ҳуқуқли фундаментал алянслар шакллантириш имкониятига эгамиз.

"Жанубий тўртлик" доктринаси: Ўзбекистон учун аҳамияти нимада?
Географик жойлашув давлатлар ва миллатлар тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мамлакатнинг қаерда жойлашгани ва қандай қўшнилар билан ўралгани хавфсизлик ҳамда тараққиёт учун муҳим омиллардир.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида жойлашган бўлиб, тўрт томондан турли қўшниларга эга. Шимолда Россия Федерацияси – собиқ метрополия, шарқда дунёнинг иккинчи йирик иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўлган Хитой Халқ Республикаси, ғарбда эса Европа Иттифоқи ва АҚШ жойлашган.
Бу сафар биз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жанубида жойлашган тўртта давлат ҳақида сўз юритамиз. Мен бу давлатларнинг биз учун аҳамиятини инобатга олиб, уларни "жанубий тўртлик геосиёсий доктринаси" деб атаган бўлардим.
Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг жанубида айнан бир хил ўзликлар ва мустаҳкам тарихий алоқалар билан боғлиқ давлатлар ҳамжамияти мавжуд. Биз айнан шу тўрт давлат билан ўзликлар асосида фундаментал иттифоқлар ва алянслар шакллантириш имкониятига эгамиз.
18-20-асрлар глобал колониализм даври бўлди. Гарчи мустақил бўлсак-да, тарихан бир маконда, вақти-вақти билан ягона давлатлар таркибида бўлган жанубий тўртликка ҳалигача колониялар томонидан ўрнатилган тамғалар, шаблонлар ва стереотиплар доирасида қарашда давом этдик. Бу қайси давлатлар?
Булар – Туркия Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Афғонистон ҳамда Покистон.
Туркия – мустақил олтита туркий давлатнинг демографик, иқтисодий, ҳарбий ва бошқа параметрлар бўйича энг йирик вакили. У НАТО аъзоси ва ушбу ташкилотдаги ҳарбийлар сонига кўра иккинчи йирик давлатдир.
Эрон Ислом Республикасининг аҳолиси 92 миллион атрофида бўлиб, унинг ҳам иқтисодий, энергетик ва ҳарбий салоҳияти юқори. Бироқ, сўнгги ярим асрдаги Ғарб билан зиддиятлар бу давлатнинг салоҳиятини тўлиқ ишга солишга имкон бермади.
Афғонистон – бевосита қўшнимиз, дунё ўзбекларининг тарихий эпицентрларидан бири. Мисол учун, ўзбек тили асосчиларидан бири Алишер Навоий бугунги Афғонистон ҳудудидаги Ҳиротда туғилиб ўсган ва яшаган.
Покистон – ушбу тўртликдаги аҳоли сони ва ҳарбий қудратига кўра энг йирик мамлакат ҳисобланади. Покистон аҳолиси 260 миллион атрофида деб баҳоланади, у мусулмон дунёсида ядро қуролига эга ягона давлатдир.
Бу тўртлик Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун нега муҳим? Маълумки, тараққиёт минтақавий характерга эга бўлади. Қўшни давлатлар ва минтақаларда иқтисодий қолоқлик, ижтимоий муаммолар, сиёсий инқирозлар муттасил давом этар экан, бу минтақадаги барчага салбий таъсир ўтказади. Қолаверса, энг кучли иттифоқлар ва алянслар айнан ёки яқин ўзликлар асосида қурилади.

