Маҳаллий

Жанубий Корея компанияси Ўзбекистондан малакали қурувчиларни жалб этишни режалаштирмоқда

Жанубий Корея компанияси Ўзбекистондан малакали қурувчиларни жалб қилишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги юқори даражадаги ташриф доирасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг Корея меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Кореянинг қурилиш ва бандлик соҳасида фаолият юритувчи компаниялари раҳбарлари, жумладан, Ворксмате Инс. ижрочи директори Севон Ким ва Ҳюн Жу бош директори Сидок Ли билан учрашув ўтказди.

Суҳбатларда Ўзбекистон фуқаролари учун Корея меҳнат бозоридаги имкониятларни кенгайтириш, Э-9 дастури доирасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш ҳамда малакали мутахассисларни Э-7 визаси асосида жалб этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, амалдаги ЭПС тизими доирасида Ўзбекистон фуқаролари Э-9 ищи визаси асосида Кореяга ташкилий тарзда юборилмоқда. Шу билан бирга, қурилиш йўналиши бўйича ЭПС-ТОПИК имтиҳонидан муваффақиятли ўтган номзодларни кореялик иш берувчилар томонидан танлаб олиш жараёнини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Миграция агентлиги Кореянинг қурилиш компаниялари билан тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтиришни таклиф қилди. Учрашувда Ворксмате Инс. томонидан бошқариладиган ГАДА рақамли платформаси тақдим этилди. Компания маълумотига кўра, ушбу платформа Кореядаги 1,5 мингдан ортиқ қурилиш компанияси билан ҳамкорлик қилади.

Музокараларда ГАДА платформасини Миграция агентлигининг “Хорижда иш” электрон платформаси билан интеграция қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилди. Бундай тизим Ўзбекистондаги қурилиш соҳаси мутахассисларини Кореядаги иш берувчилар билан боғлашга хизмат қилиши мумкин. Бунда фуқароларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувнинг яна бир муҳим йўналиши Э-7 визаси бўлди. Ворксмате Инс. вакиллари Кореянинг тегишли тузилмалари иштирокида Ўзбекистон, Вьетнам, Монголия ва Таиланддан қурилиш соҳаси учун малакали мутахассисларни жалб қилишга қаратилган лойиҳа режалаштирилаётганини маълум қилди.

Дастлабки талабларга кўра, касб-ҳунар таълими битирувчилари учун 5 йиллик иш тажрибаси, бакалавр даражасига эга мутахассислар учун диплом ва камида бир йиллик иш стажи талаб қилиниши кўзда тутилмоқда. Магистратура битирувчилари учун эса иш стажи талаби назарда тутилмаган.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, бошланғич ойлик иш ҳақи 2 156 880 вондан бошланиши ва мутахассиснинг малакасига қараб ошиб бориши мумкин.

Миграция агентлиги Корея меҳнат бозори учун мутахассисларни олдиндан ва мақсадли тайёрлаш моделини таклиф қилди. Унга кўра, Ўзбекистондаги олийгоҳ талабалари корейс тилини ўрганиши, тегишли касбий малакани эгаллаши ва маҳаллий қурилиш корхоналарида зарур иш тажрибасини орттириши мумкин.

Музокаралар якунида Миграция агентлиги ва Ворксмате Инс. ўртасида ҳамкорлик бўйича ният хати имзоланди. Корея компанияси раҳбарияти ва ищи гуруҳи Ўзбекистонга таклиф қилинди.

Миграция агентлиги қайд этишича, Э-7 йўналиши бўйича ҳозирча фуқароларни ишга қабул қилиш бошланмаган. Айни пайтда томонлар ушбу механизмни йўлга қўйиш имкониятлари ва унга қўйиладиган талабларни муҳокама қилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.