Жамоат хавфсизлиги бўйича кадрлар тайёрлаш такомиллаштирилади
Ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат

**Жамоат хавфсизлиги бўйича кадрлар тайёрлаш такомиллаштирилади**
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими янада такомиллаштирилади.
«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–302-сон, 26.08.2026-й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш ҳамда қўриқлаш фаолияти (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) йўналишлари учун кадрлар тайёрлаш мақсадида:
- Университетнинг йиллик қабул квоталари бакалавриат таълим йўналишининг кундузги шакли бўйича 600 нафар курсантгача, масофавий таълим шакли бўйича 300 нафар тингловчигача оширилади ва уларнинг 3/4 қисми Ички ишлар вазирлиги тизими учун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги кадрларни тайёрлашга йўналтирилади;
- Университет томонидан Ички ишлар вазирлиги тизими учун кадрлар тайёрлашда қабул квоталари ҳамда мутахассислик (йўналиш)лар тақсимоти ички ишлар органларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти билан келишилган ҳолда белгиланади;
- Университетда ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши учун юриспруденсия соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш:
- бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида «Юриспруденсия («Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти»,«Жамоат тартибини сақлаш фаолияти»,«Йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти» ва «Қўриқлаш фаолияти»)» йўналишлари, масофавий таълим шаклида эса «Юриспруденсия («Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлаш»)» йўналиши бўйича;
- ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йиллик амалий хизмат стажига эга ходимлари ва ҳарбий хизматчилари учун магистратурада ўқитиш «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ташкил этиш» мутахассислиги бўйича амалга оширилади.

