Криптология институти давлат органлари тизимларини экспертизадан ўтказиш ва ИТ-кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади
Институт мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлайди, киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва ахборотни ҳимоя қилиш соҳасида миллий ечимларни ишлаб чиқади, шунингдек, давлат ахборот тизимларини хавфсизлик талабларига мувофиқлигини текширади.

Криптология институти давлат органлари тизимларини экспертизадан ўтказади ва ИТ-кадрлар тайёрлайди.
Президентнинг 2026-йил 20-августдаги "Ўзбекистон Республикаси Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-300-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат норматив-ҳуқуқий базани, мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга, ахборотни ҳимоя қилиш, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасида рақобатбардош миллий техник воситалар, сунъий интеллект ва инновацион ИТ-маҳсулотларни яратиш кўламини кенгайтиришга қаратилган.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Радиоелектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институти ташкил этилди.
Институтнинг асосий вазифалари белгиланди. Институтга республика илмий-тадқиқот, ўқув-таълим, илмий-ишлаб чиқариш муассасалари, илмий ва таҳлил марказларининг етакчи мутахассисларини, шу жумладан, чет эл фуқароларини жалб этиш, шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлган лабораторияларни таъсис этишга рухсат берилди.
Институтда олий таълимдан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш, шунингдек, фойдаланиш чекланган ахборотни криптографик ва техник ҳимоя қилиш ҳамда ахборотлаштириш техник воситаларини сертификатлаш хизматлари кўрсатилиши ташкил этилади.
Давлат илмий дастурлари доирасида ташкил этиладиган танловларда иштирок этиш учун фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳа талабномаларини экспертизадан ўтказиш мақсадида соҳа олимлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибда илмий-техник кенгаш ташкил этилади.
Шунингдек, Институтнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари миллий ва чет эл валюталарида қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026-йил 21-августдан кучга кирди.

