Ўзбекистонда криптоактивлар хизматлари провайдерлари учун янги назорат талаблари жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда криптоактив хизматлари провайдерлари учун янги назорат талаблари жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда 12-август куни жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган тегишли ҳужжат лойиҳасида сўз боради.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа криптоактивлар соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни такомиллаштиришга қаратилган.
**Криптоактивлар билан боғлиқ шахслар тушунчаси ўзгартирилади**
Лойиҳада амалдаги ҳужжатларда қўлланадиган “криптоактивлар муомаласи соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи шахслар” атамасини “криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари” тушунчаси билан алмаштириш таклиф этилмоқда. Хизматлар провайдери крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахс сифатида белгиланади.
Шунингдек, қоидаларга “учинчи томон” тушунчасини киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, учинчи томон Ўзбекистон ёки хорижий давлат ваколатли органлари томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш хизматларини кўрсатувчи ташкилот ҳисобланади.
**Масъул ходим тайинланиши мажбурий бўлади**
Лойиҳага кўра, хизматлар провайдери лицензия олганидан кейин бир ой ичида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши ички назорат учун масъул ходим тайинлаши керак бўлади. Масъул ходим провайдер раҳбарининг ўринбосарлари орасидан тайинланади. Унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва ЖШШИРи Агентликка юборилиши лозим.
Масъул ходим ўзгарган тақдирда эса бу ҳақда янги ходим тайинланган иш кунидан кечиктирмай хабар бериш талаб этилади. Шунингдек, хизматлар провайдерлари ҳар йили 10-январгача масъул ходими ва ички назорат қоидалари талабларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни Агентликка тақдим этиши керак бўлади.
**Айрим шахсларнинг раҳбар бўлиши ва устав капиталида иштирок этиши тақиқланади**
Ҳужжат лойиҳасида хизматлар провайдерлари раҳбари ва масъул ходимига қўйиладиган талаблар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки бунда гумон қилинаётган, шунингдек иқтисодий жиноятлар, коррупсия, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятлар ва бошқа тегишли жиноятлар учун судланганлиги тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларни раҳбар лавозимига тайинлаш мумкин бўлмайди.
Шунингдек, халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда доимий яшайдиган, бўлиб турган ёки рўйхатдан ўтган шахсларнинг хизматлар провайдерлари раҳбари бўлишига йўл қўйилмайди. Бундай шахсларнинг, шунингдек тегишли давлатларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг хизматлар провайдерлари устав жамғармасида иштирок этиши ҳам тақиқланиши таклиф этилмоқда.
**Крипто-ҳамёнлар билан боғлиқ шубҳали операциялар мезонлари кенгайтирилади**
Лойиҳанинг асосий қисмларидан бири шубҳали операцияларни аниқлаш мезонларини белгилашга бағишланган. Унга кўра, ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилиши, операциянинг аниқ иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги, мижознинг зарур маълумотларни тақдим этишдан асоссиз бош тортиши ёки идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги шубҳали операция белгиси сифатида баҳоланиши мумкин.
Бундан ташқари, криптоактивлар:
* оффшор ҳудудларда яшовчи ёки рўйхатдан ўтган шахслар фойдасига ўтказилиши;
* бир хил миқдорларда мунтазам равишда турли крипто-ҳамёнларга юборилиши;
* қисқа вақт ичида бир неча марта алмаштирилиши;
* 24 соат ичида кўплаб йирик битимларда ишлатилиши;
* янги очилган ёки узоқ вақт фойдаланилмаган ҳамёнлардан катта миқдорда ҳаракатлантирилиши;
* хусусий ёки аноним крипто-ҳамёнларга ўтказилиши ҳам шубҳали операция сифатида кўриб чиқилиши мумкин.
Шунингдек, илгари жиноий мақсадларда фойдаланилган крипто-ҳамёнлардан активларни қабул қилиш, мижознинг одатий айланмасига мос келмайдиган катта миқдордаги криптоактивларни ҳамёнга киритиш, крипто-активларни юқори комиссия ёки ноқулай курсда валютага алмаштириш ҳам шубҳали аломатлар қаторига киритилмоқда.
**ИП-манзил ва крипто-ҳамёнлар ҳам назорат қилинади**
Лойиҳада мижозларнинг технологик хатти-ҳаракатлари ҳам ҳисобга олиниши назарда тутилган. Хусусан, ИП-манзилни яширувчи ва махфийликни таъминловчи дастурлардан мунтазам фойдаланиш, бир ИП-манзилдан кўп миқдорда крипто-ҳамён очиш, электрон почта манзили, ИП-манзил, домен ёки крипто-ҳамён эгаси ҳақидаги идентификация маълумотларини тез-тез ўзгартириш шубҳали операция мезонлари сифатида белгиланмоқда.
Янги чиқарилган криптоактив қийматининг тез ўсиши, унинг фақат битта крипто-биржа ёки платформа доирасида фаол айланиши, нархларни манипуляция қилиш белгилари мавжудлиги ҳам назоратга олиниши мумкин. Бундан ташқари, янги эмиссия қилинган криптоактивнинг “Вҳите папер” декларацияси мавжуд эмаслиги ёки ундаги маълумотларнинг ҳақиқатга мос келмаслиги ҳам шубҳали ҳолат сифатида баҳоланади.
**Янги технологиялар бўйича таваккалчилик баҳоланади**
Хизматлар провайдерларига янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ таваккалчиликларни олдиндан аниқлаш ва баҳолаш мажбуриятини юклаш таклиф қилинмоқда. Бундай баҳолаш тегишли технологиялардан фойдаланиш бошланишидан олдин амалга оширилиши керак.
Шунингдек, хизматлар провайдерлари мижознинг фаолияти, мулкчилик ва бошқарув тузилмасини тушуниши, мижозни ишончли манбалар ва ҳужжатлар асосида идентификация ҳамда верификация қилиши лозим бўлади. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотларни камида йилига бир марта янгилаб бориш ҳам назарда тутилмоқда.
**Шубҳали операциялар ҳақида кейинги иш кунидан кечиктирмай хабар берилади**
Лойиҳага кўра, хизматлар провайдери шубҳали операция аниқланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар бериши керак. Хабарлар ахборотни криптографик ҳимоялаш воситалари мавжуд бўлган электрон тизимлар, ҳимояланган махсус электрон почта ёки махсус ваколатли давлат органининг шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш тизимидаги шахсий кабинет орқали юборилиши мумкин.
Шунингдек, операциянинг шубҳали эканини тасдиқловчи ёки буни истисно қилувчи ҳар қандай маълумот ҳақида ҳам дарҳол хабар бериш талаби киритилмоқда. Рўйхатга киритилган шахснинг операцияси тўхтатилган ёки крипто-активлари блокланган тақдирда эса масъул ходим унга бу ҳақда имкон қадар қисқа муддатда хабар бериши ва операцияни тиклаш тартибини тушунтириши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 15-апрел куни барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилганди. Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда мамлакат ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш имконияти яратилади.

