Жалолиддин Машарипов Теҳрон дербисини майдонга тушиши мумкин — ОАВ

Жалолиддин Машарипов Теҳрон дербисида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида ОАВ хабар бермоқда.
Эроннинг “Истиқлол” клубида ўйнаётган ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машарипов 2-сентябр, чоршанба куни “Персеполис”га қарши бўлиб ўтадиган ўйинда майдонга тушиши эҳтимоли бор.
Машарипов 2026-йил 1-январда “Сепахон”га қарши учрашувда (73-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 90-дақиқада алмаштирилган) жароҳат олган ва 31-январда операция қилинган эди. Узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолгани ва индивидуал тикланиш жараёни чўзилгани сабабли у 2026-йилги Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган.
Ҳозирда Машарипов спорт формасини тиклаб, “Истиқлол”нинг умумий гуруҳ машғулотларига қўшилган. У Эрон чемпионатининг дастлабки учта ўйинида қайдномага киритилган бўлса-да, майдонга тушмаган. Футболчи 4-тур доирасидаги “Фулад”га қарши беллашувда эса умуман қайдномага киритилмаган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, мураббийлар штаби футболчини “Персеполис”га қарши ўйинга сақлаш мақсадида унга дам беришга қарор қилган.
Маълумот учун, Эрон чемпионатининг 5-туридан ўрин олган “Истиқлол” ва “Персеполис” ўртасидаги учрашув 2-сентябр, чоршанба куни Тошкент вақти билан 21:00 да Исфахондаги “Нақши Жаҳон” стадионида бошланади. Эътиборли жиҳати шундаки, “Персеполис” сафида яна икки нафар ўзбекистонлик футболчи — Остон Ўрунов ва Игор Сергеев тўп тепади.

